Буюк Британиялик машҳур ёзувчи, Гарри Поттер ҳақидаги туркум романлар муаллифи Жоан Роулинг коронавирус эпидемиясига қарши кураш учун хайрия ташкилотларига 1 миллион фунт стерлинг маблағ ўтказиб берди.

Ижодкор шу йўл билан коронавирус эпидемияси пайтида уйсизлар ҳамда маиший зўравонликдан азият чеккан инсонларга ёрдам бермоқчи эканлигини маълум қилган.

Пуллар Британияда айнан ушбу муаммолар билан шуғулланадиган иккита хайрия ташкилотига юборилади.

“Хогвартс учун курашга 22 йил тўлди, лекин очиғини айтаман, бугун тўқима образлар ўлимини муҳокама қилиш мавриди эмас. Ўзи шундоқ ҳам реал ҳаётда жуда кўплаб яқинларимизни йўқотяпмиз… Оғир давр келганда, ҳар доим энг камбағал ва кўмакка муҳтож инсонлар энг ёмон кулфатни бошларидан кечиришларига тўғри келади ва Хогвартс учун жанг шарафига 1 млн. фунт стерлинг хайр қиламан“, — деган у Твиттердаги саҳифасида.

Бундан олдин Роулинг болалар карантинни осон енгиб ўтишлари учун “Гарри Поттер уйда“ номли бепул кўнгилочар портални ишга туширган эди.

Facebook Comments