Жаҳон банки Тожикистонда 21 минг нафар одам коронавирусдан вафот этиши мумкинлигини тахмин қилди

Тожикистонда COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида 72 мингдан 230 минг 500 нафаргача одам касалликка чалиниши мумкин, дейилади Жаҳон банки томонидан эълон қилинган Тожикистон Республикасида COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши фавқулодда кураш бўйича лойиҳада.

Касалланганлар орасида оғир ҳолат 13 600 нафардан 43 500 нафаргача аҳолида кузатилиши прогноз қилинмоқда ва улар интенсив терапия ҳамда жонлантириш бўлимларида даволанади. Тожикистонда 6 минг нафардан 21 минг нафаргача одам коронавирус оқибатида вафот этиши мумкин.

Лойиҳада тиббиёт соҳаси аралашувисиз чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан, COVID-19 билан касалланганларни уй шароитида изоляция қилиш, ўз хоҳиши билан уйда ўтириш, 70 ёшдан катта одамлар гуруҳларида ижтимоий масофа сақлаш, мактаблар ва университетларни ёпиш кўзда тутилган.

Ушбу чоралар касалликнинг аҳоли орасида тарқалишини чеклаши тахмин қилинмоқда.

«Ушбу тадбирларнинг энг самарали, COVID-19’нинг тарқалишини чеклаб қўядиган, оғир касалланиш ва ўлим ҳолатларини 49 фоизга камайтирадиган услуби уй шаротида коронавирусдан сақланиб, ‘ўз-ўзини яккалаш’, уйда карантинда ўтириш ва 70 ёшдан катта кишиларнинг ижтимоий масофа сақлаш тартибига риоя қилишидир. Тахминларга кўра, ушбу тартибларга амал қилиш Тожикистонда 3200 дан 10 300 гача кузатилиши мумкин бўлган ўлимлар сони ҳамда 6600 дан 21 300 гача бўлиши прогноз қилинаётган касалликнинг оғир ўтиши ҳолатларини камайтиради», — дея хулоса қилган Жаҳон банки таҳлилчилари.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки директорлар кенгаши апрель бошида Халқаро ривожланиш ассоциацияси маблағлари ҳисобидан грант асосида молиялаштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 11,3 миллион доллар миқдорида пул ажратган.

Эслатиб ўтамиз, 27 апрелда Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилгани расман эълон қилиниши кутилаётгани ҳақида хабар берилган, кейинчалик 30 апрелда мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг борлиги эълон қилинган. Бу ҳақда бош вазир Қоҳир Расулзода раислигидаги коронавирус ёки COVID-19 пандемиясига қарши профилактика ишлари бўйича Республика штаби маълум қилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги 29 апрель ҳолати бўйича мамлакатда 15 кишида коронавирус аниқланганини маълум қилди: 10 та ҳолар Сўғд вилоятида ва 5 таси Душанбе шаҳрида.

1 февралдан 30 апрель тонгига қадар Тожикистонда 10 минг 937 нафар одам карантинга олинган, улар орасида мамлакат фуқаролари ҳам, хорижликлар ҳам бор, 8 минг 438 нафар киши карантиндан чиқарилган.