2017 йилнинг май ойида Ўзбекистон президенти кеча, 1 май куни сув чиқиб кетган Сирдарёдаги “Сардоба” сув омбори билан танишган эди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда сув омбори бунёд этилган. Жорий йилда қурилиши якунланадиган гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради дегани.

Аммо 1 май куни “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет девори ўпирилиб, сув қочиши оқибатида юз берган кўнгилсиз ҳодиса, асосан, экин майдонларига зарар етказди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаганини маълум қилган.

Ҳайрият! Ҳеч бир жон бу офатдан жабр кўрмаган! Халқимиз ҳар бир ишдан ҳикмат излайди. Кўнгилсиз ҳолатларни ҳам яхшиликка йўяди: келган бало шунга урган бўлсин! “Сардоба”даги бало ҳам ўша сув босган экинларга урган бўлсин!

Ҳукумати раҳбари бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари воқеа жойида туриб, аҳолини хавфсиз жойга кўчириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишларига бош-бош бўлиб тургани одамни хотиржам қилади. Аммо кишини мулоҳазага ундайдиган жиҳат ҳам йўқ эмас.

Масалан, мақола муаллифини ўйлантираётгани шуки, бу ҳолат қандай юз берди? “Ўзгидромет” бугун-эрта республиканинг бошқа ҳудудлари қаторида, Сирдарёда ҳам кучли ёмғир ёғишидан огоҳлантираётган бир пайтда омбор сувини жиловлаб  бўладими?

Ёки жамғарилган сув тўлиқ оқизиб юбориладими? Хуллас, саволлар кўп. Бу ҳақда расмийлар мавриди билан изоҳ беришади.

Яна бир жиҳат. Сув қочиши табиий ҳолат оқибатида рўй берганида вазиятни қайсидир маънода тушуниш мумкин эди. Афтидан, у техноген эканга ўхшамоқда. Нега бунга йўл қўйилди?

Қолаверса, ушбу гидроиншоот эски бўлмаса, ҳали фойдаланишга топширилганига атиги 2 йил тўлди. Буни қурган қурувчи ва муҳандислар ўзини ҳозир айбдор ҳис қиляптимикан? Иншоот хавфсизилигига жавобгар бўлган масъуллар-чи? Шу ерда ишлаб, рўзғор тебратаётганлар наҳот буни илғамаган, сезмаган? Назоратчилар қаёққа қаради экан?

Сув тақчиллиги кутилаётган бу йилги шароитда сув омборида обиҳаётнинг беҳуда йўқотилиши, тағин экин майдонларининг абгор этилиши… бу қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизилигини таъминлаш ишларига катта зарба бўлиши аниқ. Гап айланиб, яна ўша мулоҳазага тақалади: бу йил оғир келди, ташвишлар эгиз бўляпти. Илоҳим, бу синовларнинг охири бўлсин!..

Facebook Comments