Коронавирус пандемияси бутун дунё аҳолисининг учдан икки қисмини қамраб олмагунча тугамайди. Бу ҳақда AҚШнинг Миннесота университетидаги юқумли касалликларни ўрганиш маркази мутахассислари маълум қилишди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бошқа касалликларга қараганда коронавирусни назорат қилиш анча қийин, чунки юқтирган одамларда кўп аломат сезилмайди. Ушбу вируснинг яна бир ёмон томони коронавирусга чалинган бемор бошқаларга ҳам юқтириши мумкинлигида.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу касаллик 2022 йилдан сўнг қайта авж олиб келадиган тўлқинлар орқали яна тарқалиши мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg. Шу сабабли мутахассислар, расмийлар келгуси икки йил ичида янги авж олиши кутилаётган вирус ҳақида фуқароларни хабардор қилишлари шарт деб таъкидлашмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Кремл пандемиянинг иккинчи тўлқини хавфи ҳақида аллақачон баёнот берган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, эпидемиянинг қайтадан бошланишида «жуда катта хавф» мавжуд ва шунинг учун чекловларни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаш керак.

Ўз навбатида, америкалик мутахассис Роберт Ретфилд ҳам пандемиянинг ссенарийси ушбу кузда қайта авж олишини башорат қилган.

«Ҳолбуки давлатлар ўз иқтисодиётларини тиклашга умид қилаётган бир пайтда, коронавируснинг иккинчи тўлқини яқинлашмоқда. Бу янада оғир бўлади, чунки у грипп мавсумининг бошланиши билан тўғри келиши мумкин», дейди мутахассис.

Шу билан бирга, дунёда 3 193 836 киши аллақачон COVID-19 билан касалланган. Касаллик 227 638 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Facebook Comments