Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистон тиббиёт ходимларига тиббий ҳимоя анжомларини тақдим этди. Бу ҳақда EFFECT.UZ ахборот агентлигига Туркия элчихонаси матбуот хизмати маслаҳатчиси Давуд Гази бенли маълум қилди.

Таъкидланишича, Туркия элчиси Меҳмет Сурейя Эр ва ТИКА Тошкент дастури координатори Жамалеттин Туней иштирок этган хайрия тадбирида Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасига, ТИКА томонидан етказиб берилган 5 мингта ҳимоя кийимлари, тиббий ниқоблар, юз ҳимоя воситалари, қўлқоплар ва кўзойнаклардан иборат тиббий анжомлар тақдим этилган.

Туркия элчиси Ўзбекистон ҳукумати томонидан касалликнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юқори даражада ва ўз вақтида амалга оширилганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов Ўзбекистонга кўрсатилаётган тиббий ёрдам учун миннатдорчилик билдирган.

«Туркиянинг бу оғир кунларда кўрсатётган ёрдами бу икки давлат ўртасидаги қардошлик муносабатлари энг юқори даражада эканидан далолатдир» деган Равшан Изамов.

Facebook Comments