Бугун, 1 май куни фавқулотда хабар берилганидан кейин зудлик билан Янгиер шаҳар ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарларидан иборат штаб Янгиер шаҳар ЙҲХХ биноси олдида йиғилиб вазифалар тақсимоти амалга оширишди.

Ишчи штаб томонидан Мирзаобод туманидаги “Беруний”, “Пахтаобод”, “Балиқчи”, “Ҳақиқат”, “Баҳористон”, “Янгиовул” ва “Дўнгариқ” маҳаллаларидан вақтинчалик эвакуация қилинган 2 минг нафардан зиёд аҳолини Янгиер педагогика ҳамда тиббиёт коллежлари, Гулистон давлат университетининг Янгиер шаҳридаги педагогика факултети ва Янгиер Футбол академияси биносига жойлаштириш чоралари кўрилди.

Унга кўра:

Педагогика коллежи ётоқхонасига 700 нафар;

Тиббиёт коллежи ётоқхонасига – 150 нафар;

Гулистон давлат университетининг Янгиер шаҳридаги педагогика факултети ётоқхонасига – 600 нафар;

Футбол академияси ётоқхонасига – 300 нафар фуқаролар жойлаштирилди.

Бу жараёнларга 50 та микроавтобус, 10 та тез тиббий ёрдам бригадаси, 50 нафар ўрта тиббиёт ходими, 15 нафар шифокор жалб этилди.

Қайд этиш жоизки, мана шундай шароитида бир қанча тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар ва ҳомийлар томонидан эвакуация қилинган фуқароларга зарурий озиқ-овқатлар, ичимлик суви, ниқоб, антисептик восита, бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари етказиб берилмоқда.

Шунингдек, Гулистон туман ҳокимлиги томонидан ҳам озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳомийлик ердами келтирилди.

Бундай тезкор ва амалий амалий саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар қандай вазиятда ёлғиз қолмаслиги, балки давлатимиз диққат-эътиборида эканини яққол ифода этади.

Вазият тўлиқ назоратга олинган, саросимага тушишга асос йўқ. Тезкор чора-тадбирларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа хизматлар мутахассислари сафарбар этилди. Сув омбори яқинидаги маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Жумладан, туманларда ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, корхона ва хонадонларга жойлаштирилди.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги шахсий таркиби ва махсус техникалари аҳолини эвакуация қилиш ва тегишли хўжалик объектларини жиҳозлаш учун сафарбар қилинди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармалари эвакуацияга кўмаклашиш, тартибни сақлаш ишларига жалб этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони очилган жойга бориб, уни кўздан кечирди. Ҳукумат комиссияси ва мутахассислар билан муҳокама қилган ҳолда сув оқимини тўхтатиш учун зарур куч ва воситалар жалб қилинди. Ҳозирда тўғондан сув чиқиши тўхтаган. Тошган сув оқими Оқолтин туманидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган. Президент вазиятни шахсий назоратга олган. Давлат раҳбари айни вақтда Сирдарё вилоятида бўлиб турибди.

Facebook Comments