Тошкент вилояти Бекобод туманида 29 апрелдан 30 апрелга ўтар кечаси сув тошқини ҳодисаси содир бўлди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ушбу ҳодиса ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, кеча 29 апрель куни соат тахминан 22:00 да Бекобод тумани ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида туманнинг “Навбаҳор” ҳудуди, 1-бўлим, “Деҳқонобод” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Сардобсой” (бошланиш қисми қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудида) сойининг сув оқими кескин кўтарилиб, ўзанидан тошган.

Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ. Мазкур ҳолат вилоят ҳокими Рустам Холматов томонидан назоратга олиниб, ҳоким зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

Айни пайтда ҳокимлик ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ зарар кўрган аҳоли хонадонларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўрмоқда. Ҳудудга Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда тегишли корхона ва ташкилотларнинг куч воситалари жалб қилинган.

Facebook Comments