Ўзбекистонда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа давлатлар билан ҳаво қатнови 2020 йил 30 июнь кунига қадар тикланмайди.

Бу ҳақдаги маълумот «Ўзбекистон ҳаво йўллари» вакили томонидан журналист Никита Макаренкога маълум қилинган.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда илк марта жорий йилнинг 15 март куни аниқланган коронавирус инфекцияси натижасида хорижий давлатлар билан ҳаво қатнови 2020 йилнинг 30 июнига қадар тикланмайди. Хориждаги ватандошларни чартер рейслар орқали олиб келиш масаласида айни вақтда аниқ маълумотлар йўқ.

Коронавирусга қарши кураш махсус комиссиясининг маълум қилишича, чартер рейслар ташкил этиш учун алоҳида қарор ёки фармонлар қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонд 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган оммавий тадбирлар бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари вафот этди, 1059 нафари эса соғайиб, реабилитацияга олинган. Хорижда 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган (энг кўпи — 42 нафари — Россияда), уларнинг беш нафари вафот этган. Зарарланиш ҳолатлари 1969 нафарга етди.

Сингапурлик олимлар Ўзбекистонда 20 майгача коронавирус билан боғлиқ вазиятга барҳам берилади дея прогноз қилмоқда.

Facebook Comments