Аввалроқ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” хорижга авиақатновлар 30 июнига қадар тикланмаслигини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Компания шу билан бирга авиачипталар сотиш ҳам 30 июнга қадар тўхтатилганини ҳам тасдиқлади ва бекор қилинган чипталарни қайтариш сотиб олинган жойда амалга оширилиши ҳақида маълум қилди.

“Ҳурматли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг йўловчилари! Сизга мунтазам рейсларнинг 2020 йил 30 июнгача бекор қилиниши тўғрисида хабар бермоқдамиз. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг бекор қилинган рейсларига чипталарни қайтариб бериш сотиб олинган жойда амалга оширилади. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз, сабр-тоқат ва вазиятни тушунишингизни сўраймиз”, дейилади компания хабарида.

Маълумот учун, авиақатновларни тиклаш масаласи жаҳондаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятга кўра қайта кўриб чиқилади. Республикадаги аэропортлар иш фаолияти ва авиапарвозларнинг қайта тикланиши ёки чеклов чоралари узайтирилиши республика махсус комиссияси томонидан эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон март ойининг иккинчи ярмидан қатор давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тўхтатган эди. 30 март кунидан Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилиб, авиақатновлар бутунлай тўхтатилди.

Facebook Comments