Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент шаҳрини 2041 йилгача ривожлантириш бош режа лойиҳасини ишлаб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унда Тошкент шаҳрини келгусида комплекс ривожлантириш, унинг режасини тузиш ва ободонлаштириш сифатини ва даражасини янги босқичга кўтариш, шаҳарнинг архитектура-режалаштириш жиҳатдан қиёфасини ва инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК, “Kentsel Yenileme Merkezi A.S.” (Туркия) компанияси иштирокида Тошкент шаҳрини 2041 йилгача ривожлантириш бўйича бош режа концепциялари ишлаб чиқилганлиги маълум қилинган.

Тошкент шаҳрини 2041 йилгача ривожлантириш бош режасида шаҳар транспорти, кўчалар ва магистрал тармоқлари, метрополитенни ривожлантириш каби муҳим йўналишлар қатори пойтахт аэропортини ислоҳ қилиш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилган.

Қайд этилишича, шахсий автомобил транспортининг миқдор жиҳатидан ўсишида барча жамоат транспортларининг турларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга бўлади. Электробуслар каби янги экологик транспорт турларини жорий қилиш, жамоат транспорти учун ажратилган чизиқларни яратиш, велосипед йўлакчалари тизимини яратиш режалаштирилган.

Ўз навбатида магистрал кўчаларнинг ҳисоб-китоб муддатига узунлиги 1502,2 км.ни, жумладан узлуксиз ҳаракатланиш магистрали 353,6 км.ни ташкил этади.

Шаҳар қурилиши доирасидаги кўча магистрал тармоғининг зичлиги ҳисоб-китоб муддатига 2,2 км/кв. км.гача ортади.

Йирик транспорт муҳандислик қурилмаларининг сони ҳисоб-китоб муддатига 59та қурилмага етади.

Метрополитен тизими тезюрар, экологик ва кўп йўловчи сиғимига эга жамоат транспорти сифатида янада ривожлантирилади. Янги қурилишга ер ости каби бўлганидек ер усти линияларини қуриш мўлжалланган.

Айни чоғда узоқ истиқболга, атроф-муҳит ва экологияни яхшилаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича шаҳардан (шаҳар марказидан 24-25 км.) жануб томонга 9 километр узоқликда янги Тошкент аэропортини жойлаштириш кўзда тутилмоқда. Аэропортнинг ҳозирги мавжуд ҳудуди (марказдан 5-6 км.да) истиқболда қисман чекловда фойдаланиш учун сақлаб қолинади.

Facebook Comments