Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар тузалиб чиқаётган ҳудудлар сафига Сирдарё вилояти ҳам қўшилди. Вилоятда илк бор коронавирусга чалинган 4 нафар бемор буткул соғайди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Соғайганлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган. Сирдарёдан соғайганларнинг барчаси эркак бўлиб, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 3 нафари Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган.

Қолган 1 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Энг ёши каттаси 48 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 33 ёшда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари вафот этди, 1059 нафари эса соғайиб, реабилитацияга олинган. Хорижда 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган (энг кўпи — 42 нафари — Россияда), уларнинг беш нафари вафот этган. Зарарланиш ҳолатлари 1969 нафарга етди.

Сингапурлик олимлар Ўзбекистонда 20 майгача коронавирус билан боғлиқ вазиятга барҳам берилади дея прогноз қилмоқда.

Facebook Comments