Россиянинг қатор шаҳарларида ўз юртига кетишни кутаётган мигрантлар учун махсус қабулхоналар ташкил этилган. Айни пайтда пандемия сабаб авиақатновлар бекор қилингани учун улар уйларига кета олишмаяпти.

Екатеринбургдаги мана шундай қабулхоналардан бирида мигрантлар ғалаён кўтарган.

Россия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, аввалига Ўзбекистонлик мигрант эшикни тақиллатиб, унга зарар етказган, кейин кузатув камерасини ишдан чиқаришга уринган. Унга Украина, Молдова ва Тожикистондан келган муҳожирлар ҳам қўшилган.

Қабулхона ходимлари уларни ўз кучлари билан тинчлантира олишмаганларидан сўнг, полициянинг махсус бўлинмасини чақиришга мажбур бўлган.

Бундан ташқари воқеа жойига полиция, прокуратура ходимлари, жамоатчилик назорати комиссияси аъзолари, инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяни Мерзлякова ва Россия ички ишлар вазирлигининг Свердловск област бўйича бош бошқармаси миграция масалалари бўлими бошлиғи Ольга Петрова етиб келган.

“Новая газета“ нашрининг манбага таяниб хабар беришича, махсус қабулхонада сақланаётган 25 ёшдан 32 ёшгача бўлган тўрт киши ўзига ўзи жароҳат етказган. Улар зудлик билан ўз ватанларига қайтариб юборишларини ва яқинлари билан видеоалоқа орқали мулоқот қилиш имконияти яратиб беришларини талаб этишган.

Тез ёрдам ходимлари уларнинг уч нафарига ўша жойнинг ўзида тиббий хизмат кўрсатган бўлишса, бир нафарини шифохонага олиб кетишган. Зарур процедуралардан сўнг у ҳам сақлаш жойига қайтарилган. ИИВ вакилининг ишонтириб айтишича, мигрантлар ҳаётига ҳеч нарса таҳдид   солмаяпти.

Facebook Comments