Саудия Арабистони ҳукумати вояга етмаган жиноятчилар учун қўлланиладиган ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда “Риа Новости” инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияга таяниб.

“Вояга етмаган жиноятчилар учун қўлланиладиган ўлим жазоси 10 йилдан кўп бўлмаган муддат билан қамоқ жазосига алмаштирилди“, – дейилади хабарда. Комиссия раҳбари Аввад ал-Авваднинг таъкидлашича, бу кун Саудия Арабистони учун жуда муҳим кун сифатида тарихда қолади. Мазкур фармон бизга янада замонавий жиноят кодексини яратишга ёрдам беради“.

Ўтган ҳафта қироллик ҳукумати қамчи ёки калтак билан уришни жазолар рўйхатидан олиб ташлади. Ушбу фармоннинг эълон қилиниши Ғарб оммавий ахборот воситаларининг Саудия Арабистонида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида бонг ураётган бир вақтга тўғри келди.

Саудия Арабистони қамоқхоналаридан бирида таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва фуқаролик фаоли Абдалла ал-Ҳамид вафот этган эди. У “Саудия Арабистони фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар уюшмаси” асосчиларидан бири саналади. Мазкур ҳаракат конституцион монархия ҳисобланган Саудия Арабистонида инсон ҳуқуқлари учун курашиб келади.

Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари қиролликдан унинг ўлими бўйича текширув олиб боришни талаб қилмоқда.

Facebook Comments