Бухорода 9 нафар бемор соғайиб, вилоятда жами тузалганлар 289 нафарга етди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган навбатдаги 9 нафар бемор тўлиқ соғайган. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

Шифо топганларнинг барчаси жорий йил 25 март куни Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган.

Улардан 8 нафари эркак, 1 нафари аёл. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Тошкент, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёш.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 280 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 289 нафарга етди. Ўзбекистонда беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича энг юқори кўрсаткич ҳозирча Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг 8 нафари вафот этди, 909 нафари эса соғайиб, реабилитацияга олинди. Хорижда 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган (энг кўпи — 42 нафари — Россияда), уларнинг беш нафари вафот этган.

Facebook Comments