Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафари чоғида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Муборак Рамазон кунларида Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-осойишталик, юртимизни турли бало-офатлардан асрашини тилаб дуо қилинди. Бухоро халқаро аэропортида табиий офат оқибатларини бартараф этиш, аҳоли, фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича  вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди”, дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев зудлик билан Бухоро вилоятига етиб бориб, вертолётда Қоракўл ва Олот туманларидаги ҳолатни кўздан кечирди. Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашув ўтказди.

Давлат раҳбари кечаги кучли шамол кутилмаган ва илгари кузатилмаган табиий офат бўлганини, одамлар турмуши, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга салбий таъсир қилганини афсус билан қайд этди.

“Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп енгиб ўтган. Бу сафар ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талофат оқибатлари тезда бартараф этилади. Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашсак, бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқамиз”, деб таъкидлади президент.

Турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.

Маълумот учун, 27 апрель куни Ўзбекистонга Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келган, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида секундига 9-40 метргача тезликда шамол эсган эди. Оқибатда бир неча фуқаро жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлди. Шунингдек, уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма объектлари ва экин майдонларига зарар етган.

Facebook Comments