Наманганда 4 нафар, Жиззахда эса барча беморлар буткул соғайди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Наманган вилоятида 4 нафардан, Жиззах вилоятида эса 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар буткул соғайган. Улар вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

Наманганда соғайганларнинг 1 нафари эркак, 3 нафари аёл барчаси ушбу вилоятдан. Уларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 31 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 57 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 61 нафарга етди.

Жиззахдан тузалиб чиққан 33 ёшли ва 31 ёшли беморлар (эркак) жиззахлик бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан аввал 1 нафар фуқаро соғайиб чиққан эди. Эндиликда ушбу икки нафар билан вилоятдаги коронавирусга чалинган барча беморлар тўлиқ соғайиб чиқди. Яъни Жиззах коронавирусдан буткул тозаланди.

Айни пайтда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 810 нафарни ташкил этмоқда.

Facebook Comments