Ўзбекистонда энг боқибеғам, тепса тебранмас вазирлик қайси деб ўйлайсиз? Кўп ўйлаш шартмас, биринчи хаёлингизга келганини айтинг! Ҳа ўлманг, тўппа-тўғри айтдингиз: бу каби “улуғ номга” фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги муносиб. Бу вазирликка юртимиздаги воқеликлар, ислоҳотлар, ўзгариш жараёнлари умуман қизиқ эмас.

Алқисса, Эркин Воҳидов айтганидек:

“Бизлар арра тортмоқдамиз,

Аррамизнинг тиши йўқ.

Нега арранг тиши йўқ? деб,

Сўрайдиган киши йўқ”.

Кимга маза — шуларга маза-да! Улардан натижани сўрайдиган, босим қиладиган бирорта одам йўқ. Йўқ, мен тушунаман, доимий равишда интернет тезлиги сифатини-ю, электрнинг мунтазам ўчирилишини танқид қилаётган халқ бор, аммо халқнинг гапи бу каби амалдорларга қизиқ деб ҳисоблайсизми?

Бугун Фейсбукда битта постга кўзим тушиб қолди. Мадина Баҳадировна ўз саҳифасида қуйидаги постни жойлабди. У ўз постида, жумладан, шундай деган:

“Февралнинг охирида Тошкентга афғонистонлик ёшлар конференцияга келишганди. Ўзбекистон ҳудудида афғон сим карталари ишламагани боис, ўзимизнинг UMS сим-карталарини ишлатишди. Уларни саёҳат доирасида “Tashkent City” ва “Hilton” меҳмонхонасига олиб бордик.

“Hilton”нинг шундоқ эшиги тагида ўтирибмиз. Мен уларга “Guys, you are standing at the heart of Tashkent!” (“Дўстларим, сиз Тошкентнинг юрагида турибсиз”) дедим. Бечоралар, Тошкентнинг юрагида эканмиз деб, телеграмдан Aфғонистонга видео хабар юбормоқчи бўлишди.

Биласиз-а, Тошкентнинг юрагида интернет “E” “ишлаяпти“ (бу ишламаяпти, дегани). Улардан бири: “O my God, internet isnʼt working well”, деди. Ўзимнинг интернетимга мўраласам, бизда ҳам аҳвол “E”. Бола ёнидагиларга қараб, “Хохо“ деб қўйди. Дўстлари афғончалаб бир нималар деди. Aниқ кулишди.

Ишонасизми, ўтган асрнинг 70 йилларидан буён уруш тинмаётган, аҳволи абгор, қолоқлик исканжасига ботиб бораётган, биз “борма куясан“, дейдиган Aфғонистондан келиб, интернетимиз сифатига кулиб кетишди.

Яхши ғоя бор. Мен Ўзбекистон имиджини шакллантириб, кўпроқ туристларни жалб қиладиган имиджмейкер бўлмоқчиман. Табиийки, хорижликларни йўқ нарсани бор деб алдаб, қолаверса, журналистиканинг қоидаларини бузиб, объективликдан чекиниб, виждонимга хилоф тарзда Ватанимни мақтамайман.

Аксинча, борини айтаман. Масалан, мана бундай: “Қадрли, туристлар! Интернетдаги сохта ҳаётдан, виртуалликдан зерикдингизми? Виртуал оламда яшаб, реал ҳаётдан узоқлашяпсиз-у, барибир интернетни тарк этолмаяпсизми? Унда Ўзбекистонга келинг! Бу ерда интернет йўқ. Орзуйингиздаги реал ҳаёт — шу ерда!”

Бугун айни шу мавзуда “Файзбоғ” каналида сўровнома жойлаштирилди. Унда 6000га яқин респондент иштирок этди. Улардан 41% интернет сифатини “Ўртача” деб баҳолаган, 37% “Ёмон” вариантини маъқул кўрган ва бор-йўғи 7% иштирокчи интернетни сифатли деб баҳолаган. Қолганлар эса “Ўта ёмон” деган хулосага келишган. Бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ, шу сабабли, интернет сифатига карантинни рўкач қилиш адолатдан эмас. Қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда интернет “учиши”дан хабаримиз бор.

Дарвоқе, Энергетика вазирлиги тўғрисида икки оғиз. Бугун кичик каналимда интернет сифати бўйича кимда шикоятлар бор бўлса, менга юборишларини сўрадим. Якунда бу ўзига хос челленджга айланиб, жуда кўпчилик личкамга расмлар жўнатди. Қизиғи, интернет сифати билан баробарида электр энергиясида ҳам шикоятлар кўпайиб кетди. Канал обуначиларимизнинг ушбу “норозилик челленджини” қуйидаги линк орқали кўриб чиқишингиз мумкин.

Қўшимча: Ҳозирги карантинли даврда бу йўналишда қандайдир ишлар олиб борилиши имконсиз эканлигини мен тушунаман. Лекин, умид қиламан, вазирлик келажакда бу каби энг оддий, фуқароларнинг кундалик эҳтиёжи ҳисобланган муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилади. Халқ ислоҳотларни бугун сезиши керак, эртага эмас. Янги давр бошланганига уч йилдан ошди, ахир!

“ФАЙЗБОҒ” канали муаллифи

Facebook Comments