Наманганда коронавирус касаллигидан бутунлай соғайганлар қаторида икки ойлик чақалоқ ҳам бор. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар берди.

Таъкидланишича, чақалоқ ва унинг онаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасини тарк этиб, реабилитация марказига юборилган ҳамда карантин кузатувига олинган.

Наманганда коронавирус инфекциясига чалинганлар қаторида келин-куёв ҳам бор эди. 2020 йил 19 март куни Наманган шаҳридаги тантаналар мажмуаларидан бирида бўлиб ўтган ушбу тўйда иштирок этганлардан 18 нафари касалликда гумон қилиниб, шифохонага ётқизилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировга кўра, 25 яшар куёв ва 19 ёшли келин ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб турибди. Улардан олинган таҳлиллар мусбат натижа кўрсатган бўлса ҳам, касалликнинг клиник белгилари қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жами коронавирус инфекциясидан тузалганлар 99 нафарга етди. Касалланганлар эса 1113 нафарни ташкил этмоқда.

Facebook Comments