Бухорода 15 нафар бемор соғайди,жами тузалганлар 800 нафардан ошди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 15 нафар бемор тўлиқ соғайган. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

Шифо топганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Улардан 13 нафари эркак, 2 нафари аёл. Беморларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, Андижон ва Қашқадарё вилоятларидан 2 нафардан, Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёш.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 265 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 280 нафарга етди. Ўзбекистон беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича Тошкент шаҳридан кейин энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда.

Маълумот учун, шу соатга келиб Республика бўйича коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 804 нафарни ташкил этмоқда.

Facebook Comments