Президент Шавкат Мирзиёев 25 февраль, сешанба куни, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида соҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, тиббий хизмат сифатини ошириш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, адолат ва рақобатни таъминлаш бўйича ўз мулоҳазаларини баён этган эди. «Бугунги йиғилишда ушбу вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Аввало, ихтисослашган тиббий ёрдам сифати ва кўламини ошириш лозимлиги таъкидланган. Ҳозирда Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келмоқда. Маҳаллий тиббиёт ходимлари кўникмасини оширишга эътибор қаратилмаяпти. Ихтисослашган марказ ва ҳудудий муассаса ўртасида вертикал тизим шаклланмаган.

«Даволаниш учун ордер бериш тизимида ижтимоий адолат таъминланмаётгани, бу жараёнда фақат давлат муассасалари иштирок этиши рақобатни чеклаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис ордер бериш тизимини такомиллаштириш ва очиқлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди», — дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Facebook Comments