Саудия Арабистони ҳукумати мамлакат ҳудудида янги турдаги коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор чоралар кўрди. Бу ҳақда подшоҳлик Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Хусусан, ҳукумат мусулмонлар учун Умра зиёратини амалга ошириш ва Мадинада Набавий Масжидини зиёрат қилишни вақтинча тўхтатиб қўйди.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Саудия Арабистони коронавирусга қарши кураш доирасида бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар, айниқса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кўраётган чораларни қўллаб-қувватлашга тайёр.

Янги турдаги коронавирус инфекцияси 2019 йил декабрь ойи охиридан Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқала бошлаган эди. ЖССТ уни кўплаб ўчоқларга эга эпидемия деб баҳолаб, халқаро миқёсдаги фавқулодда вазият дея тан олган. Ҳозирда Хитойдан ташқари яна 42 мамлакатда коронавирусни юқтириб олган беморлар аниқланган.

Хитойнинг ўзида коронавирусни юқтириб олганлар сони 80 мингга яқинлашган, қурбонлар сони салкам 3 минг кишига етган.

Facebook Comments