Бугун, 26 апрель куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволашда фидойилик билан меҳнат қилган Вирусология илмий текшириш институти клиникасининг 108 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқлик клиникасининг 44 нафар, жами 152 нафар тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов томонидан чуқур миннатдорлик изҳор этилиб, реабилитацияга кузатилди.

Эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Айни пайтда юртимизда юз мингдан зиёд тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган юзлаб беморларни даволашмоқда, карантинда бўлган минглаб фуқароларни тиббий кузатувга олишган. Шифокорларимизнинг мана шундай матонатли меҳнатларини ҳар қанча эътироф этсак арзийди.

Қувонарли жиҳати, шифокорларимиз маҳорати ва фидойилиги билан коронавирус инфекциясини самарали даволаш мумкинлигини исботлашмоқда. Жумладан, шу кунгача шифокорлар саъй-ҳаракатлари билан Вирусология илмий текшириш институти клиникасидан 110 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқлик клиникасидан эса 48 нафар, жами 158 нафар бемор буткул соғайиб чиққанини алоҳида таъкидлаш лозим.

Энг муҳими, оиласи, яқинлари, халқимиз учун ишда қолиб, коронавирус инфекциясига беморларни шифо улашишга интилаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эътирофга лойиқ. Давлатимиз раҳбари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор видеоселектор йиғилишларида халқимизга йўллаган мурожаатларида ҳам шифокорларимиз меҳнатига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, ушбу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорлар фаолиятини эътироф этди”, дейилади ССВ хабарида.

Бундан ташқари, халқимиз ҳам тиббиёт ходимлари ва коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол меҳнат қилаётган инсонларга далда бўлишмоқда, имкон қадар қўллаб-қувватлашмоқда.

Facebook Comments