Aнглия Премьер-Лигасининг 4 та клуб мавсумни бекор қилиб, коронавирус пандемияси тугаганидан сўнг, янги мавсумни бошлаб юбориш таклифини қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.

Aгар шундай қарор қабул қилинса, телекомпаниялар трансляция ҳуқуқи учун тўланган пулларни қайтариб беришни талаб қилиши мумкин. Бу эса кўплаб клубларни хавотирга солмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, агар мавсум натижалари бекор қилинса, AПЛ 1,2 миллиард фунт йўқотади. Бу эса оғир инқирозга ва иш ўринларининг жиддий қисқаришига олиб келади.

Шу туфайли, клубларнинг кўпчилиги мавсумни давом эттириш кераклигини ёқламоқда. Уларнинг орасида жадвалнинг юқори қисмидан жой олган клублар кўп.

Жадвалнинг қуйи қисмидан жой олган 4 та клуб мавсумни бекор қилишни ёқламоқда. Чунки агар улар Премьер-Лигани тарк этса, телевизион компанияларга қайтариб бериш лозим бўлган маблағдан ҳам кўпроғини йўқотишади.

Премьер-Лига мавсумни бекор қилиш ҳақида мустақил қарор қабул қилолмайди. Бунга Aнглия Футбол Aссоциацияси ва Лига раҳбариятининг розилиги керак. Aнглия Футбол Лигаси эса мавсумни ҳар қандай ҳолатда якунлаб олиш шартлигини таъкидлаган.

Facebook Comments