Бугун, 27 февраль куни Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон давлат консерваториясида талаба-ёшлар билан учрашди. Тадбирда Маданият вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси ва Ўзбекистон давлат консерватория талабалари иштирок этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди

Маданият вазири кино соҳасидаги камчиликлар ҳақида талабалар билан очиқ мулоқот қилди. Талабалардан бири Йигитали Жовлиев бугунги кунда кино соҳасида ёшлар ўз иқтидорини намоён қилиш учун имкониятлар етарли эмаслиги, улар фақатгина назария билан чегараланиб қолаётгани, кино соҳасида ўтказиладиган кастингларда эса фақатгина синов учун суратлар тушишдан нарига ўтилмаётгани, фильмларда суратга тушиш таниш билишчилик асосига қурилганлигини таъкидлади.

«Киноиндустрияни илдизидан бошлаб ислоҳ қилиш зарур. Агар камера билан иш ҳал бўлганда эди, аллақачон ўзбек кино саноати ривожланган бўларди. Кинога ажратилаётган ресурслар талаб даражасидан 10 ёки 100 баробар оз. Бироқ ривожланган давлатларнинг кино сифати талаб қилиняпти. Маблағ ва техникасиз кинони кино қилиб бўлмайди. Йигитали каби ёшларнинг шаштини қайтармоқчи эмасман. Катта сериал устида иш олиб боряпман. Аммо ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Давлатдан пул сўраганим йўқ, ҳамма харажатларни керак бўлса эшикма-эшик юриб, маблағ топиб мутахассисларни, чет эллик ҳамкорликларни жалб қилиб, жараёнларни бошладик. Мана шу сериалларга сиз ва сиз каби ёшларни таклиф қиламиз.» деди Озодбек Назарбеков.

Facebook Comments