Ўзбекистон Ҳарбий судида 25 февраль Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган Ўзбекистон собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга нисбатан жиноят ишни кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, 70 дан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинди. Дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди. Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Отабек Муродовни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Таъкидланишича, Отабек Муродовга жазо белгилашда суд Конституция ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланган. Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинди (Олий суд ахборотида зарар миқдори очиқланмаган).

Натижада содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, Отабек Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Отабек Муродов

Отабек Муродов 2018 йил 31 январидан 2019 йил 20 июнига қадар Ўзбекистон Бош прокуратурасига раҳбарлик қилган. Бунгача, 2017—2018 йилларда Президент давлат маслаҳатчиси, 2015—2017 йилларда адлия вазири ўринбосари, 2010—2015 йиларда Президент девонида, 1998—2010 йилларда Бош прокуратурада турли лавозимларда фаолият олиб борган.

Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 21 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев бир кун аввал ишдан олинган собиқ бош прокурор Отабек Муродовни танқид қилиб, уни порахўрликда айблаган ва унга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Кейинроқ Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродов ўзидан аввалги бош прокурор, ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётганини маълум қилди. 2019 йил центабрида эса Отабек Муродовнинг қамоққа олингани маълум бўлган эди.

ИХТИЁР АБДУЛЛАЕВ

Ихтиёр Абдуллаев (1966 йилда туғилган) 1990—1997 йилларда Фарғона вилоятида адлия ва судлов органларида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2000—2001 йилларда Андижон вилояти судига раислик қилган, 2002—2006 йилларда адлия вазири биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

У 1997—2000 йилларда Президент давлат маслаҳатчиси хизматида референт, 2001—2002 йилларда Президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари, 2006—2010 йилларда Президент давлат маслаҳатчиси бўлган. 2010—2015 йилга қадар сенатор, 2015 йил апрелидан эса Бош прокураутрага 15 йил раҳбарлик қилган Рашиджон Қодиров ўрнига Ўзбекистон бош прокурори этиб тайинланган. 2018 йил январида эса у Миллий хавфсизлик хизматининг 23 йиллик раҳбари — Рустам Иноятов ўрнига хизмат негизида ташкил этилган янги тузилма — Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланган эди.

Ихтиёр Абдуллаев 2019 йил февралида Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод этилган, бунга расман унинг соғлиғи ёмонлашгани, сўнгги бир йил давомида икки марта оғир операцияни бошдан ўтказгани сабаб қилиб кўрсатилган эди. Кейинроқ, 2019 йил май ойида Абдуллаевнинг «порахўрлик ботқоғи»га ботгани ҳақида мақолалар пайдо бўлди, июнда эса Бош прокуратура Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши очилганини тасдиқлади. Июль ойида эса Абдуллаев иши бўйича суд бошланган эди. Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳам айнан Абдуллаев иши доирасида қамоққа олингани хабар қилинган эди.

2019 йил 27-центабрда Ўзбекистон Ҳарбий суди Ихтиёр Абдуллаевни жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, жиноятлар мажмуи тариқасида унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди.«Шунингдек, суд ҳукмига кўра, Ихтиёр Абдуллаевга 19 йил, Жаҳонгир Эгамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди», — дейилади Олий суд ахборотида.

Facebook Comments