Илк марта Афғонистонда коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «РИА» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Қувайтда коронавирус билан касалланган беморнинг 3 нафари аниқланган, Баҳрайн ва Афғонистонда эса 1 нафардан беморларда касаллик қайд этилган.

Аввалроқ, бу вирус Эрон чегараларини кесиб ўтгани ҳақида хабар қилинганди. Бугун эса Ўзбекистонга яқин бўлган мамлакатларда қайд этилгани маълум бўлди.

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг айтишича, кеча Ҳирот вилоятида коронавирус билан гумон қилинган уч ҳолат аниқланган, улардан бири тадқиқотлардан сўнг тасдиқланган.

Шунингдек Соғлиқни сақлаш вазири Ҳиротда фавқулодда ҳолат эълон қилганини хабар қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Tolo News телеканали Эронда вирус тарқалиши бошланган Қум шаҳрига ташриф буюрган уч одамда коронавирус борлиги гумон қилинганлиги ҳақида хабар берган эди. Эронлик шифокорлар биринчи марта 19 февраль куни коронавирус юқтирган бемор ҳақида хабар берган эди.