Бухоро шаҳри ҳокими Карим Камолов Бухоро вилоятига ҳоким бўлди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлик ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида 29 февраль куни вилоят фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қатнашган.

Йиғилишда Абдулла Арипов Ўктам Барноевни Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармонини ўқиб эшиттирган.

Зайнилобиддин Низомиддинов эса Президент фармонига мувофиқ ҳозирга қадар Бухоро шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Карим Камолов Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, мудом вилоятда ҳоким бўлган Ўктам Барноев Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди. Барноев шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.

Facebook Comments