Иммунитет – инсон организмининг ташқи омилларга, энг аввало вирус ва бактерияларга қарши курашувчи тизимдир. Иммунитетсиз инсон ҳаёт кечира олмайди деса ҳам муболаға бўлмайди. Иммунитетни турли хил компонентлар таъминлаб туради.

Булар лимфоцит ва лейкоцитлар, ҳамда ёт микробларни қамраб (фагоситоз) олувчи фагосит ҳужайраларидир. Бундан ташқари, инсон организмида иммунитет вазифасини шиллиқ қаватлар ва тери ҳам бажаради, улар турли хил моддалар ишлаб чиқаради ва микробларни ўлдиради.

Иммунитет доимо бир хил ишламайди – баъзида иммун тизими бироз сусаяди ва бу вақтда организм патоген микроорганизмлар учун «ўлжа»га айланади.

Иммунитет пасайиши белгилари

Инсон тез-тез касалланади ва соғайиш учун узоқ вақт кетади;

Тез чарчаб қолиш, доимий ҳолсизлик;

Жароҳатларнинг узоқ муддатда битиши;

Тери қопламалари ва шиллиқ қаватлари ҳолатининг ёмонлашуви, терида турли хил тошмалар;

Сабабсиз пайдо бўлувчи оғриқ;

Заифлашган иммунитет организмдаги ҳар қандай органлар тизимига салбий таъсир этади, оғир ҳолатларда ҳатто ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли иммунитет заифлашганида уни кучайтириш учун максимал даражада ҳаракат қилиш керак бўлади.

Сурункали иммунитет пасайишига олиб келувчи сабаблар қуйидагилар:

Сурункали стресс ҳолатлари;

Наслий омил;

Витамин ва микроэлементлар етишмовчилиги;

Қарилик;

Иммунитет йўқолишига олиб келувчи касалликлар, масалан ОИТС.

Турли хил оғир кечувчи касалликлар

Айрим ҳолатларда организм ўзининг гомеостазини сақлаб қолиш учун барча кучини сарфлайди, бундай вазиятда иммун тизими ҳам одатий ҳолатдан кўра кучлироқ ишлаши керак бўлади, яъни организм шуни талаб қилади.

Иммун тизимини кучайтириши зарур бўлган инсонлар ва ҳолатлар

Ҳомиладор ва эмизувчи аёллар;

Турли хил инфекцион касалликлар билан касалланувчи инсонлар;

Спортчилар;

Салбий шароитда меҳнат фаолиятини олиб борувчилар;

Иммунитет заифлашуви касаллик натижасида келиб чиққан бўлса – бундай ҳолатни бартараф этиш учун малакали шифокор тавсиялари керак бўлади. Агар иммун тизими витамин етишмовчилиги сабаб ривожланган бўлса, уни бартараф қилиш барчанинг қўлидан келади.

Иммунитет сусайган ҳолатни бартараф этишда витаминлар билан даволаш ҳар доим ҳам самарали натижа бермаслиги мумкин, айниқса иммун танқислиги келиб чиқиш сабаби бошқа бўлса. Организмда витамин танқислиги тўғридан-тўғри иммун тизимига таъсир қилмайди. Аммо, витаминлар организмда кечадиган жараёнлар ва моддалар алмашинувини рағбатлашда роли катта, витаминларни қабул қилиш организм учун жуда фойдали.

Витамин ва микроэлементлар етишмовчилигини қандай аниқлаш мумкин?

Организмда витамин етишмовчилиги – чарчаш, уйқуга тўймаслик, меланхолия, ҳолсизлик каби белгилар билан намоён бўлади. Бу каби белгилар барчаси организмга секин-асталик билан салбий таъсир этиб боради. Бундан ташқари, витамин танқислиги кайфиятнинг ёмонлиги, доимий асабийлик, диққатни жамлай олмаслик, апатия каби ҳолатларга ҳам сабаб бўлади.

Витамин танқислиги сабаблари

Ўтказилган касалликлар;

Нотўғри ва тартибсиз овқатланиш;

Қуёш нурининг етарлича тушмаслиги;

Ҳомиладорлик ва лактация даври;

Ошқозон-ичак тизимидаги турли хил муаммолар, яъни витаминлар сўрилишининг бузилиши.

Витамин етишмовчилигини аниқлаш осон эмас. Организмда турли хил ўзгаришлар, масалан ошқозон-ичак тизими, нерв тизими, юрак қон-томир тизимида ўзгаришлар, сочлар тўкилиши, тирноқлар синувчанлиги ва тери қуриши кузатилиши мумкин. Агар сиз ўзингизда кузатилаётган патологик ҳолатларни айнан витамин танқислиги билан боғласангиз, буни шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда аниқлаштириш зарур. Авитаминоз остида жиддий касаллик кечаётган бўлиши ҳам мумкин.

Витамин танқислигида кузатиладиган белгилар

Сочлар тўкилиши: витамин ПП, Б2, Б6;

Терининг жуда қуруқлашуви ёки турли хил тошмалар. Бундай ҳолатда витамин А, П, C қабул қилиш зарур;

Милклар қонаши: витамин П ва C ёрдам беради;

Витамин танқислиги ҳолатларида овқатланиш рационига жиддий эътибор бериш керак.

Витаминлар қайси маҳсулотларда кўп?

Организм учун зарур бўлган моддалар ва албатта иммун тизимини рағбатлантирувчи витаминлар биринчи навбатда озиқа маҳсуотларида сақланади. Бундай моддалар фақатгина мева ва сабзавотларда эмас, балки гўшт, балиқ ва сут маҳсулотларида ҳам кўп сақланади. Аммо, мева ва сабзавотларда уларнинг миқдори кўпроқ. Шу сабабли авитаминоз ҳолатлари кўпроқ куз-қиш мавсумида юзага чиқади, яъни бу вақтда мева сабзавотлар кам истеъмол қилинади. Бу вегетарианлик ҳаёт тарзига ўтиш керак дегани эмас, шунчаки овқат рационида ўсимлик маҳсулотларига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.

Иммун тизими фаолияти сусайган вақтда овқатланиш йўли билан етишмаётган витаминлар ва микроэлементлар ўрни тўлдиришнинг имкони йўқ. Бундай ҳолатларда витамин препаратлари қабул қилишга тўғри келади. Витамин препаратларини қабул қилиш учун аввало шифокор билан маслаҳатлашиш зарур, айнан мутахассис инсонга мос келадиган витамин комплексларни буюриши мумкин.

Витаминлар ҳақида қисқача…

Қуйида витаминлар ҳақида қисқача маълумот берилган, улар орасида иммун тизимига самарали таъсир кўрсатувчи гуруҳлар ҳам бор:

А витамин

Ушбу витаминнинг иккинчи номи – ретинол. Бу витамин сочлар мустаҳкамлиги, терининг нормал ҳолати, жароҳатларнинг битиши, тирноқлар ўсишида катта аҳамиятга эга. А витамини айниқса, кўз ва кўрув ўткирлиги учун жуда фойдалидир. Бундан ташқари, ретинол қариш жараёнини секинлаштиради, жинсий етилиш даврида ҳам А витаминининг ўрни катта. Витамин А сабзи, брокколи, гармдори, қовоқ, қовун, шафтоли, ўрик ва авакадо мевасида кўп сақланади, ҳамда гўшт, мол жигари, балиқ, ўсимлик мойи ва тухум сариғида энг кўп миқдорда бўлади. Инсон организмида А витамини ёғлар таъсирида эрийди ва сўрилади.

Б гуруҳ витаминлари

Б гуруҳ витаминлари таркибига бир қатор витамин комплекслари киради. Етарлича қабул қилинган Б гуруҳ витаминлари нерв тизими функциясини рағбатлайди ва стресс ҳолатларидан чиқишда иштирок этади. Б гуруҳ витаминлари картошка, гул карам, ёнғоқ, помидор, қора нон, гречка, творог, сут таркибида кўп сақланади. Агар инсонда стресс ҳолатлари, меланхолия, уйқу бузилиши, бош айланиши каби ҳолатлар кузатилаётган бўлса, Б гуруҳ витаминларини қабул қилса бўлади.

C витамин

Витамин C нинг инсон организмида асосий вазифаси иммун тизими ишини бошқаришдир. Шу сабабли бу витамин шамоллаш, грипп касалликларида қўлланилади. Бундан ташқари, C витамини қон томирлар ўтказувчанлигини камайтиради ва иштаҳани очишда ҳам иштирок этади. C витамини киви, петрушка, смородина ва қулупнайда кўп сақланади.

Д витамин

Д витамини суяклар ўсиши ва мустаҳкамлигини таъминлашда иштирок этади. Д витамини мол жигари, балиқ, гўшт, тухум, творог, пишлоқ ва сут маҳсулотларида кўп сақланади. Д витамини қуёш нурлари таъсирида инсон терисида ҳам синтезланади. Совуқ, қиш узоқ муддат давом этадиган мамлакатларда қўшимча Д витамин препаратларидан қабул қилиш тавсия этилади.

Э витамин

Қариликни секинлаштиради, жинсий репродуктив жараёнида иштирок этади, айниқса аёлларда жинсий фаолиятни рағбатлайди.

Витамин комплекслари

Сурункали витаминлар танқислиги ҳолати тушмаслик учун витамин комплексларидан қабул қилиш керак. Албатта, витамин препаратлари табиий ҳолда қабул қилинадиган витаминлар ўрнини боса олмайди. Аммо, организмга айрим ҳолатларда қўшимча витаминлар керак бўлади, масалан касаллик вақтида. Витамин комплекслари таркибида барча витаминлар маълум бир дозада сақланади. Бу каби препаратлар тайёрланаётганда организм томонидан сўрилишга тайёр ҳолда бўлади. Витамин препаратлари қабул қилишда уларнинг кўп миқдорда организмда тўпланиши жиддий асоратларга сабаб бўлишини ҳам унутмаслик керак. Шу сабабли витамин комплекслари мустақил равишда эмас, балки шифокор мутахассис томонидан буюрилган ҳолатда қабул қилиниши лозим.

Витамин комплекслари бир неча гуруҳга бўлинади, улар қуйидагилар:

Универсал;

Болалар учун витаминлар;

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун витаминлар;

Спортчилар учун махсус витаминлар;

Витамин комплекслари биологик актив бирикмалар тоифасига киради, шу сабабли улар дорихоналарда шифокор рецептсиз берилади. Бу витаминлар бир биридан дозаси билан фарқланади. Витамин комплексларини танлашда фақатгина қимматбаҳо, машҳур фирмалар ишлаб чиқарган препаратларга эътибор қаратиш керак эмас, баъзида арзон нархли витамин комплекслари ҳам организм учун анча фойдали бўлади. Иммун тизимини рағбатлашда барча гуруҳ витаминларининг ўрни катта.

Инсон организмида иммун тизимини рағбатловчи витамин комплекслари қуйидагилар бўлиши мумкин:

Мульти–табс;

Иммуно Плюс;

Витрум;

Улар таркибида А, Б, C, Д гуруҳ витаминларини сақлайди.

Айниқса Витрум препарати таркибида 20 дан ортиқ витамин ва микроэлементларни тутади. Центрум – 25 дан ортиқ витамин ва микроэлеметлар сақлайди ва антиоксидант таъсир кўрсатади. Ревит, Компливит, Альфавит – катталар учун, айниқса иммун тизими функциясини яхшилашда катта ёрдам беради. Улар организмда сўрилишга тайёр ҳолда бўлади.

Айнан иммун тизимини рағбатлаш учун махсус витамин комплекси – иммуналдир. У табиий ўсимликлардан олинади.

Facebook Comments