Сўнгги пайтларда интернет тармоғида «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома» сарлавҳаси остида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Унда гўёки порнографик сайтларга кирган фойдаланувчи огоҳлантирилиб, ИИВ томонидан 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ва “Webmoney” электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўловни амалга оширилиши лозимлиги айтиб ўтилган.

Акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаши талаби билан СМС хабар юборилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қуйидагиларни маълум қилган:

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибида «Кибержиноятларга қарши кураш бўлими» номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас;

– “Webmoney” тўлов тизимида Ўзбекистон Республикаси ИИВ таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.

«Шунга мувофиқ, фуқароларимизни интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслиги учун фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирамиз», дейилади хабарда.

ИИВ Ахборот хизмати маълумотига кўра, бугунги кунда юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Facebook Comments