Айни вақтда қамоқда жазо муддатини ўтаётган Гулнора Каримова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга хат ёзди ва ўз озодлиги учун Швейцария банкидан олинажак охирги пулларни таклиф қилди.

Мактуб матни марҳум Ислом Каримовнинг набираси Иман Каримованинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган.

Хатда Гулнора Каримова унга қарши суд жараёнларида содир бўлаётган қонунбузарлик ҳолатларидан шикоят қилган. У барча ишлар учун Бош прокуратура раҳбарияти ҳамда ДХХни айбламоқда.

Гулнора Каримова суд жараёнлари сабабли Швейцария банкида музлатиб қўйилган 686 миллион доллардан воз кечишга ваъда берган. Аввалроқ Каримова ушбу пулларни ўзи ишлаб топгани ва айни вақтда Лондонда яшаётган болаларига васият қилишини айтганди. Аммо, ўша вақтда бу пулларни давлат ғазнасига қайтарилиши талаб қилинган.

Гулнора Каримова шунингдек, ўз мактубида касал эканлиги, зудлик билан операция қилиниши лозимлигини ҳам таъкидлаган.

Facebook Comments