Қишнинг сўнгги куни Бухоро шаҳрида ўтказилган вилоят фаолларининг йиғилишида вилоятнинг Когон, Қоракўл ва Олот туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда Бухоро ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Когон туманига раҳбарлик қилиб келган Йўлдош Жумаев ҳозирда вилоят ҳокимининг ўринбосари-маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.

Айни кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Муҳиддин Эсанов Когон тумани ҳокими вазифасида иш бошлайдиган бўлди.

Қоракўл тумани собиқ ҳокими Ҳусниддин Ғойировнинг соғлиғи туфайли туман ҳокими лавозимидан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси қониқтирилиб, унинг ўрнига ҳозирда Олот тумани ҳокими бўлиб ишлаётган Шерали Саломов туман ҳокими лавозимига тайинланган.

Хабар берганимиздек, Бухорода куннинг муҳим воқеаси Халқ депутатлари Олот туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида содир бўлди.

Унга кўра, туман ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаган Наргиза Неъматова эндиликда туман ҳокими вазифасини бажарадиган бўлди.

Facebook Comments