“Барселона” коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқироз билан боғлиқ бир қатор қарорларни эълон қилди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар қилди.

26 март куни клубнинг директорлар кенгаши аъзолари видеоконференсия ўтказишди ва инқирознинг таъсирини юмшатиш учун чоралар кўришди.

Гап ходимларнинг иш кунини қисқартириш ва шартномаларда назарда тутилган иш ҳақини мутаносиб равишда тушириш ҳақида кетмоқда.

“Клуб амалга оширишни истаган чоралар адолат мезонларига мувофиқ меҳнат қонунларига асосланади. Мақсад – имкон қадар тезроқ клубнинг молиявий ҳолатини тиклаш”, – деб ёзилади баёнотда.

Бундан ташқари “Барселона” клубнинг спорт иншоотларини коронавирус блан курашувчи Каталония соғлиқни сақлаш бошқармасига топширди.

Шунингдек, клуб 80 ёшдан ошган барча ходимларининг аҳволидан хабар олиб турувчи ва уларни қўллаб-қувватловчи дастурни ишга туширди.

Aввалроқ Каталония клуби футболчиларга маошларини 70 фоизга туширишни таклиф қилгани, аммо ўйинчилар буни рад этишгани ҳақида айтилганди.

Facebook Comments