Сурхондарёда яна бир хусусий бандлик агентлигининг фирибгарлиги фош бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «И.Ж.О. хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқалар 2019 йил давомида фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, Дания ва Швейцария давлатларига ишга юбориш важи билан 61 нафар фуқародан 45 млн. сўмдан жами 2,6 млрд. сўмни жамиятнинг банк ҳисоб рақамига ўтказдириб, уларни ишга юбормасдан, фуқароларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Бундан ташқари, жамиятга алоқадор шахслар 2019 йилнинг июль ойида Корея Республикасига ишга юбориш важи билан 4 нафар фуқароларнинг

16 500 АҚШ доллари ҳамда 125 млн. сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан «И.Ж.О. хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Facebook Comments