Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, яна муборак Рамазон ойи хонадонларимизга эшик қоқиб келиш арафасида. Қалблар бир муддатга унинг шукуҳини ҳис қилиб, ширин бир энтикиш билан Рамазон тақвимини қўлга оласиз.

Саҳарлик, ифторлик дуоси, таровеҳ тасбеҳига бир-бир назар ташлаб, қайта ёдлаган бўласиз. Ўзингизча фикр қилиб, рамазонда ўқиладиган китобларнинг тахминий рўйхатини тузган бўласиз. Ибодатларни кўпайтиришни, закот ва фитрни ҳисоблаб чиқасиз.

Бу Рамазон ойини чин маънода кутган мўминнинг одатий ҳолати. Аммо шундайлар ҳам борки, Рамазон деганда биринчи навбатда танаввул қилиш ҳақида тансиқ таомлар ёдига тушиб, тайёргарликни бозордан бошлашади. Бир ойлик очлик ибодатига эмас, бир ойлик қорин ташвишига тайёргарлик кўраётгандек бўладилар  ва уйига озиқ-овқат ташишади.

Бу, ўз навбатида, бозордаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ошиб кетишига ҳам таъсир қилади. Буни ҳам тўғри тушиниш керак, лекин ҳар нарсанинг меъёрида бўлгани яхши.

Рамазонни қандай ой экани, унинг асосий мақсади мўътабар китобларимизда баён этилган. Қуръони каримда хабар беришича, Рамазон бу тақводор бўлиш ойидир. Рўзадорнинг барча қиладиган амаллари мана шу сифатни қўлга киритишга қаратилган бўлиши керак экан.

Жумладан, Рамазонда одамлар очликни, камбағалликни ҳис қилишлари учун таомланишдан ўзларини тиядилар. Бу амалнинг қанчадан қанча маънавий ва руҳий фойдаси борлиги ёлғиз Аллоҳга аён.

Муборак рамазон ойи сабабидан ҳам бозорларда арзончилик бўлади. Демак, бу арзончилик бўладиган ой. Бойлар фитр садақаларини, фарз закотларини берадиган, мискинлар эса хурсанд бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтадиган ой. Шунингдек, савдогарлар холис Аллоҳ ризолиги учун маҳсулотларини бир мунча арзонроқ сотиб савоб оладиган ой. Рамазон бу ибодатларга бўрканиш, нафсни тарбия қилиш ойи.

Шундай экан рўзадорга хос одоб-ахлоқ билан ўзимизни зийнатласак, албатта катта ажру мукофотларга эга бўламиз. Юриш-туришимизда, еб-ичишимизда, қўйингки барча хатти-ҳаракатимизда суннатларга амал қилишни ўз одатимизга айлантирсак ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Рўзадорларни хушнуд қилиш учун тайёрланадиган лазиз, тансиқ таомларни танаввул қилишнинг ҳеч қандай кароҳияти бўлмасада, исроф қилиш гуноҳ эканлигини ҳам унутмаслик керак.

Имом Бухорий келтирган ҳадиси шарифда “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, дейилган. Айтишларича, саҳобалар ифторликни битта хурмо ёки бир қултум сув ёки бир ҳўплам сут билан ҳам оғизларини очишар экан. Биз ҳам саҳобаларга ўхшашга ҳаракат қилайлик, бу айнан шундай гўзал хулқларга эга бўлиш ойи. Зеро, уларнинг устози – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари.

Ҳаммага моҳи рамазон ойи муборак!

Анвар Бўронов

Facebook Comments