EFFECT.UZ ахборот агентлиги журналисти Элёр Тожибоев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев раҳбарлигида ўтказилган брифингда қатнашди.

Брифингда 2020 йил 6 февраль куни Қўқон шаҳрида содир этилган қотиллик ҳамда 18 февраль куни Данғара туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича фикр мулоҳазалар билдирилди.

Мазкур “Очиқ ва ошкора мулоқотдамиз” мавзусидаги брифинг жараёнида бошқарма бошлиғи Дониёр Тошхўжаев журналист ва блогерларга 2020 йил 6 февраль куни Қўқон шаҳридги “Шедевр” чойхонасида бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган тўқнашув вақтида ўқ отар қуролдан отишма бўлгани, ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги, келгусида бундай жиноятларни такрорланишини олдини олиш бўйича тезкор профилактик ишлар кучайтирилганлиги ҳақида гапириб ўтди.

Сўнг брифингда вилоят прокуратурасининг масъул ходими қатнашиб “Шедевр” чойхонасида содир этилган тўқнашув юзасидан ўз фикр мулоҳазасини билдирди.

Шунингдек, брифингда Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқармаси бошлиғи майор Шамсиддин Усмонов 18 февраль куни Данғара туманида содир этилган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси туфайли 3 нафар фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди.

Ҳозирда автотранспорт воситаларида одамларни ўлими билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш ва такрорланишига йўл қўйилмаслик юзасидан кескин профилактик ва тушунтириш ишлари ўтказилаётганлиги, бошқарма бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев ташаббуси билан вилоят ҳудудида бир ойлик “Меҳр тадбири” ўтказилаётганлиги, ушбу тадбирдан асосий мақсад ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки уларни келгусида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қўпол ҳуқуқбузарликларни олдини олишда эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Брифинг давомида иштирокчилар томонидан журналист ва блогерларни саволларига бир қатор жавоблар олинди.