«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ва Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуров коронавирус пандемиясидан кейин дунё сивилизацион силжишга дуч келиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у ўзини Телеграм каналида ёзиб қолдирди.

Павел Дуров коронавирус тарқалишини бутун инсоният учун таҳдид, деб атади. «Пандемия тугаганда дунё нормал ҳолатга қайтмайди. Яқин вақтларда пайдо бўладиган янги дунё биз ортда қолдираётгандан яхшироқ бўлиши ўзимизга боғлиқ», — деган у.

Дуров изоляцияни ўзимизни ислоҳ қилиш учун, технологияларга эса ўз аҳамиятини кўрсатиш учун яхши имконият, деб ҳисобламоқда.

Мессенжер асосчиси Телеграм шу ойда 17 та давлат Соғлиқни сақлаш вазирликларининг каналларига верификация (расмий белги) бериб, ривожлантира бошлаганини маълум қилди. Улар орасида Ўзбекистонда коронавирус ҳақида расмий маълумот берувчи Коронавирус Инфо канали ҳам бор.

Шунингдек, Телеграм ҳукумат билан ҳамкорлик қиладиган компания эмаслигини, бироқ коронавирус ҳақида маълумот тарқатишда давлатга ёрдам бериш учун муайян ҳолатда истисно қилинганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Телеграм бунга қўшимча тарзда ўзини яккалаш вақтида таълим олишни осонлаштирувчи лойиҳани тақдим этишини маълум қилди. Дуров тез орада лойиҳа ҳақида қўшимча маълумот беришни ваъда қилди.

Facebook Comments