Коронавирусга у айбдор!”: Жанубий Кореяда президент импичменти тўғрисидаги петиция 500 мингдан зиёд имзо тўплади 

Жанубий Кореяда президент импичменти тўғрисидаги петиция 500 мингдан зиёд имзо тўплади, деб ёзмоқда “Известия”. Президент Мун Чже Ин COVID-19 коронавируси қўзғаган касаллик мамлакатда тарқаб кетишининг олдини олишда нўноқлик қилганликда айбланмоқда.

Ҳа, бу жиддий айблов, шуниси ҳам борки, Мовий уй, яъни мамлакат етакчиси администрацияси сайтига жойланган петиция 200 мингдан кўп овоз тўпласа ҳукумат бир чора кўриши шарт. Айни вазиятдан келиб чиқилса, бу иш 4 мартдан кечикмаслиги керак.

Петицияни тузганлар ҳукуматдан Хитой билан борди-келдини бутунлай тўхтатишни талаб қилишяпти, уларнинг фикрича, Мун Чже Инни ўз мамлакати манфаатидан ҳам кўра ХХР билан алоқалар кўпроқ қизиқтиради.

Сеул аввалига, халқаро қонунчиликдан келиб чиқиб, хитойликларнинг Жанубий Кореяга киришларига тўсқинлик қилишдан бош тортган, кейин, инфекция бутун Хитойга тарқагач, фақат Хубейга борганларни киритмасликка қарор қилганди.

Корея Республикаси миллий мудофаа вазирлиги 24 февраль куни 7,9 минг нафар ҳарбийни инфекция тарқаб кетишининг олдини олиш учун карантинга жалб қилди. Бир кун илгари, 23 февраль куни мамлакат раҳбари коронавируснинг эпидемияга айланиш хавфи «қизил» даражасига оширилгани ҳақида баёнот берганди.

Facebook Comments