Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ЙПХ инспекторларига “бўйсунмаслик” бўйича “қонунбузар”ларни ушлашнинг кунлик режаси белгилаб берилгани тўғрисида ёзиб олинган аудио тарқалди.

Аудиодаги овоз эгаси Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархонов эканлиги айтилмоқда.

Аудиода гапирган овоз эгаси инспекторларга қоидабузар ҳайдовчини бўйсунмаслик ҳолатига қандай олиб келиши йўлини айтади, бунга эришган йўл ҳаракати инспектори алоҳида рағбатлантирилишини ваъда қилади.

Аудиода овоз эгаси йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларидан қоидабузар ҳайдовчини баённома тўлдиришгача бўлган вазиятга қандай олиб келиши лозимлигини айтар экан сўзларини шундай тушунтириб беради:

“Энг катта натижага киради. Эрталабга камида битта “неподчинение” қилиб берсангизлар ўша кунга кўп ишладинглар қилиб қўйиб бераман. “Неподчининие”га ҳам қўшамиз, энди бунга пул эмас, айтмоқчи бўлганим эрталаб бошингларни оғритмайман, келишдикми?.
“Неподчининие”, яхшилаб тушунтирасизлар. “Ҳурматли фуқаро, огоҳлантирилган эди, қўполлик қилманг, давлат идорасини ходимиман, давлат идораси ходимини қонун талабини бажармаслик маъмурий жавобгарлик кодексининг фалончи-фалончи моддаларини келтириб чиқаради”.
“Эй, нима девотсиз”, деб бошлайди, тўғрими? Шу жойда қўполлик қиладиган бўлса, дарров ҳудудий ППС ёки гвардияга шартта олиб кириб, “наручник и сразу ГОМ” (шаҳар ИИБ бўлими) га. Бир ҳафта ўн кундан бери огоҳлантириляпти халқ. Ҳайдовчилар огоҳлантириляпти, қўлга тушдими “до конца” жойида босилади”, дейди аудиодаги овоз эгаси.

Маълумот учун, Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексининг 195-моддасида ИИБ ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ёки унинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш назарда тутилган. Мазкур ҳолатда ИИБ ходимлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади, бундай ишлар маъмурий судларда кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда депутат ва ИИБ ходимлари ўртасида содир бўлган можаро кўплаб танқидий фикрларга сабаб бўлганди. Ҳозирда юқоридаги ҳолат бўйича ИИВ ёки Тошкент шаҳар ИИББдан ҳеч қандай изоҳ берилмади.

Facebook Comments