Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан маълум қилишича, Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабаларнинг ўқиши учун уларнинг ўзига, ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин. Талаба Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.

Таълим кредитлари олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратура босқичи талабаларига 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Карантин туфайли таълим кредити ажратишни масофавий хизматлар орқали тижорат банклари мустақил белгиламоқда.

Таълим кредитини олиш учун қарз олувчи банккa қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;

б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома. Ушбу шартномада ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим.

г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;

д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оила фарзандлари тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Кредит қайтмаслиги хавфининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш, учинчи шахс кафиллиги кабиларни банкка тақдим этиши лозим

Таълим кредитини олиш тартиби тўғрисидаги батафсил маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлда қабул қилинган «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низом»да ва тижорат банкларининг расмий веб-сайтларида келтирилган.