EFFECT.UZ – ҲАҚИҚАТ УЧУН!
Сўнгги янгиликлар
ТХТЯ Ўзбекистон учун нима беради?

ТХТЯ Ўзбекистон учун нима беради?

30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” павильонида “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ўтказилади.

Кеча, 23 ноябрь куни эса Туризм ва маданий мерос вазирлигида ярмарка олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Германиянинг “Mangold consulting GMBH” раиси, профессор Клаус Манголд, вазирлик ҳузуридаги “Миллий PR маркази” ДУК директори Дилфуза Самандарова, “The Says Lot” МЧЖ Бош директори Рустам Мунасипов ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Матбуот анжуманини очиб берган Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ярмарканинг аҳамияти ва унинг соҳа ривожидаги ўрни ҳақида сўз юритди.

 

Тошкент халқаро туризм ярмаркаси минтақада туризм саноатини қўллаб-қувватлаш ва сайёҳлик соҳасида халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштирадиган, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда туризм соҳасидаги энг ёрқин халқаро тадбир бўлади.

Ярмарка доирасида дунёнинг 15 дан ортиқ давлати ўз миллий стендлари билан иштирок этмоқда, булар орасида Япония ва Франция каби янги иштирокчи давлатларнинг борлиги бизни қувонтиради.

Маълумот ўрнида, 2019 йилда 13 давлатдан 60 га яқин ташкилот қатнашган бўлса, бу йил 15 давлатдан 76 та ташкилот қатнашмоқда.

Шу билан бирга, уч кун мобайнида, етакчи халқаро экспертлар билан форум ва сессиялар, миллий ошпазларнинг маҳорат дарслари, мамлакатимиз маданий меросини намойиш этувчи Ўзбекистон ҳунармандларининг кўргазмаси ва ярмарка тарихида илк марта маҳаллий ва халқаро дизайнерлар иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, бу йил ярмарка иштирокчилари ўртасида кўплаб В2В учрашувлари режалаштирилган.
Соҳада кузатилаётган ислоҳотлар ва фаол жараёнлар, албатта, Президент Шавкат Мирзиёев ва Ҳукумат томонидан туризм соҳасининг фаол қўллаб-қувватланаётгани натижасидир”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Вазирнинг таъкидлашича, ярмаркада нуфузли халқаро ва миллий мутахассислар иштирокида форум ва сессиялар, халқаро ошпазларнинг маҳорат дарслари ўтказиладиган гастро-бозор ташкил қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳунармандларининг кўргазмаси ўтказилиб,  ярмарка тарихида илк бор халқаро ва миллий дизайнерлар томонидан нафақат кийим-кечак, балки заргарлик буюмлари ҳам намойиш этилади.

Айни дамда Ўзбекистонда бўлиб турган Клаус Манголд Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Журналистларнинг саволига жавоб берар экан, туризм соҳасини ривожлантиришда ТХТЙ каби тадбирларнинг ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади ва ташкилотчиларга бу борада муваффақият тилади.

Бундан ташқари, профессор Туризм ва маданий мерос вазирлигига соҳага оид қатор китобларни тақдим этди.

Шунингдек, тадбирда нутқ сўзлаган “Миллий PR маркази” директори Дилфуза Самандарова TXTY’нинг бу йилги иштирокчилар сони сезиларли даражада ортганини қайд этди.

 

Ярмаркада 15 давлатдан 70 дан ортиқ ташкилот ўз миллий стенди билан иштирок этади, 20 дан ортиқ давлатдан маърузачилар, маслаҳатчилар, иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашади. Бугунга қадар 12 минг ташрифчи рўйхатга олинган бўлса-да, уларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда”, – деди у.

Самандарованинг сўзларига кўра, 2022 йилги Тошкент халқаро туристик ярмаркасида Франсия, Япония, Малайзия, Таиланд, Корея, Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон ва бошқа давлатлардан иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда ТХТЙ-2022 майдончасида маҳаллий аҳоли, шунингдек, МДҲ ва Европадан 20 мингга яқин меҳмон иштирок этиши кутилмоқда.  

 

Ярмаркага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар янги сайёҳлик йўналишлари, хорижий мамлакатларнинг ранг-баранг муҳити, маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишади. 

ТХТЙ-2022 форумига туризм соҳасидаги таниқли мутахассислар таклиф этилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистоннинг хориждаги сайёҳлик бренди элчилари, “BBC World News”, “Lonely Planet”, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия туризм ташкилотлари уюшмалари вакиллари, PR мутахассислари ва бошқалар бор. Шу билан бирга, жорий йилда турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакиллари орасида кўплаб B2B учрашувлар режалаштирилган. 

  

Шуниси қувонарлики, 2022 йилда ТХТЙ-2022 билан ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар рўйхати сезиларли даражада кенгайди. Маҳаллий ҳамкорлар билан бир қаторда Россиянинг шимолий пойтахти – Санкт-Петербург шаҳри ҳам 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг ҳамкори сифатида иштирок этадиган бўлди.  

Маълумот учун, Тошкент халқаро туризм ярмаркаси илк бор 1995 йилда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказилган.

Маълум қилинишича, пандемия сабабли икки йиллик танаффусдан сўнг 2022 йилда Тошкент Халқаро Туристик Ярмаркаси тўлиқ кўламда қайтиши кутилмоқда. 

Бу қайтиш ўзига хос бўлиб, унинг ўзига хос жиҳати шундаки, ушбу тадбир тарихда биринчи марта, бу ярмаркани бюджет маблағларини жалб қилмасдан, давлат-хусусий шериклик шаклида ўтказилмоқда.

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

RATING