
Соғлиқни сақлаш вазирлигига маъмурий иш очилди
Кеча, 16 май куни АОКАдаги матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев Соғлиқни сақлаш вазирлигига нисбатан маъмурий иш очилганилигини маълум қилди.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178 та оилавий поликлиника ҳамда кўп тармоқли поликлиникаларга қарашли лабораториялар "Intermed Innovation"га, яъни битта корхонага хориж корхонаси томонидан ўтказилгани ҳақида маълумот бермаган.
Фаррух Қорабоевнинг таъкидлашича, тузилган шартнома юзасидан бир қанча маҳаллий тадбиркорлар томонидан шикоят келиб тушган. Қўмита Соғлиқни сақлаш вазирлигидан лабораторияларни бириктириш бўйича маълумот сўраган, бироқ вазирлик маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаган.
"Соғлиқни сақлаш вазирлигига нисбатан "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 23-моддасига асосан иш қўзғатилди. Шу ҳафта бу бўйича чора кўрилади. Агар маълумотлар берилмаса, тегишли тартибда чоралар кўрилади.
Биз қонун бузилиш ҳолатини ўрганишимиз учун ҳужжатлар керак, лекин шу кунгача улар тақдим этилмади. Агар қонун бузилиш ҳолатлари аниқланса, "Рақобат тўғрисида"ги қонунга асосан чоралар кўрамиз", деди Қорабоев.
«Улашинг»