
Президент муҳим қарорни қабул қилди
Бугун, 16 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
- Унга кўра, қуйидагилар аҳоли орасида айрим вирусли инфекцияларни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун барча ҳудудларни қамраб олувчи скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш;
- касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи тиббиёт ходимларини гепатит “В” инфекциясига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш;
- скрининг текширувларида вирусли гепатит “С” тури аниқланган беморларни даволаш жараёнида дори воситалари билан бепул таъминлаш;
- соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида вирусли инфекцияларни аниқлаш учун сарфлов материаллари (реагент ва тест-тўпламлари) билан босқичма-босқич тўлиқ таъминлаш;
- барча даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини яратиш ва уни юритиш;
- вакциналар, тест-тўпламлари ва вирусга қарши дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги назоратини такомиллаштириш;
- вирусли инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш, касалликларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;
- вирусли инфекциялар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.
Қарорга асосан:
- 2022–2025 йилларда айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича дастур;
- 2022–2023 йилларда эпидемиологик кўрсатмага мувофиқ, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ходимларини гепатит “В” инфекциясига қарши эмлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланади.
Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
- ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит “С” тури билан касалланган беморларни даволаш 10,5 минг нафаргача етказилади;
- 2022 йил 1 сентябрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга уларни ўз ҳисобидан гепатитнинг “В” ва “С” турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби жорий этилади.
«Улашинг»