EFFECT.UZ – ҲАҚИҚАТ УЧУН!
Сўнгги янгиликлар
Самарқандда ўтказиладиган ШҲТ саммити санаси маълум қилинди

Самарқандда ўтказиладиган ШҲТ саммити санаси маълум қилинди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити 2022 йил 15—16-сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда 16 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ва ШҲТ бош котиби Чжан Мин билан бўлиб ўтган суҳбатда маълум қилди.

ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилган. Томонлар Ўзбекистон раислигида ташкилотнинг шу кунгача 40 дан ортиқ тадбирлари муваффақиятли ўтказилганини қайд этди ҳамда май–сентябрь ойларига мўлжалланган юқори даражадаги учрашувларнинг ташкилий масалалари ва кун тартибини муҳокама қилган.

ШҲТ бош котиби ташкилотга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига тайёргарлик кўриш, Ўзбекистон томонидан Самарқанд саммитини мазмунан бойитиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак баҳолади.

Шу нуқтаи назардан, томонлар бўлажак саммит доирасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатларни келишиш жараёнини тезлаштириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган.

“Ассалому алайкум, ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби жаноб Чжан Миннинг Ўзбекистонга ташрифига ҳамда мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислигини кенг ёритишга алоҳида эътибор бераётганингиз учун учун барчангизга миннатдорлик изҳор этаман.

Сизларнинг фаолиятимизга оид репортажларингиз ва мақолаларингиз туфайли ШҲТнинг ижобий нуфузи мустаҳкамланиб, кенг жамоатчилик орасида унга қизиқиш янада ортиб бормоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг фаолиятини, жумладан, Ўзбекистоннинг раислиги давридаги тадбирларни ёритиш бўйича фаол ҳамкорлигимиз Ташкилот тамойиллари ва қадриятларини янада кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳурматли дўстлар!

ШҲТ Бош котиби сифатида илк хорижий ташрифини Ташкилотнинг амалдаги раиси Ўзбекистонга амалга ошираётган жаноб Чжан Минни Тошкентда кутиб олишдан мамнунмиз.

Бугун Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг кенг кўламли турли жиҳатлари юзасидан самарали музокаралар олиб бордик.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ва ушбу тузилма ўртасидаги алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилгани мамнуният ила эътироф этдик.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, барқарор иқтисодий ривожланиш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш соҳаларида ШҲТ салоҳиятини ошириш юзасидан фикр алмашдик.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Республикамизнинг ШҲТдаги раислигида Ташкилот фаолиятининг деярли барча соҳаларини қамраб олган турли даражаларда 40 дан ортиқ тадбир ўтказилганини мамнуният билан қайд этдилар.

Бу йил Ташкилотимиз тарихида илк маротаба ахборот-коммуникация технологиялари ва камбағалликни камайтириш масалалари бўйича вазирликлараро учрашувлари ўтказилди.

Эртага, 17 май куни Тошкентда ўсимликлар карантини учун масъул идоралар раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Ўзбекистон томони ташаббуси билан ШҲТ доирасида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг янги йўналишлари унинг кун тартибини замонавий воқеликларни ҳисобга олган ҳолда бойитишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Жаноб Чжан Мин билан музокаралар чоғида бўлажак муҳим тадбирларга тайёргарлик юзасидан фикр алмашдик.
Жумладан, шу йил бўлиб ўтадиган ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши, хавфсизлик кенгашлари котибларининг учрашувлари, ички ишлар вазирларининг учрашуви, мудофаа вазирларининг учрашуви ҳақида сўз юритдик.
Мазкур учрашувларда ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари, хавфсизликдан тортиб, замонавий дунёдаги барқарор ривожланиш масалалари кўриб чиқилади.

Қайд этиш жоизки, ўтказилаётган барча тадбирлар ШҲТ маконидаги асосий сиёсий тадбир – шу йил 15-16 - сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ташкилотнинг Самарқанд саммитига пойдевор яратишга мўлжалланган.

Шу муносабат билан бугун биз жаноб Бош котиб билан ШҲТ раҳбарлари учрашувининг ташкилий масалалари ҳамда тадбир кун тартибига киритиладиган ҳужжатларни сифатли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратдик.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги доирасида амалга оширилаётган барча ишлар Самарқанд Саммитини юқори ташкилий ва мазмуний даражада ўтказилишини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, биз бугун ўзаро ишончли руҳда минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдик.

Афғонистон масаласига, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга ёрдам бериш бўйича ШҲТнинг умумий ёндашувларини ишлаб чиқишга алоҳида тўхталдик.

Бугун кузатилаётган геосиёсий нотинчликлар ва тубдан ўзгариб бораётган халқаро муносабатлар “Шанхай руҳи” тамойилларига амал қилган ҳолда ШҲТга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, янада кўпроқ бирдамлик кўрсатиш, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашни тақозо этиши ҳақида умумий фикрга келдик”,

 – деди ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов.

 

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив