EFFECT.UZ – ҲАҚИҚАТ УЧУН!
Сўнгги янгиликлар
Кўзбўямачилик учун ташкилаштирилган қабуллар: Фуқаролар ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан умид қилиши қанчалик тўғри?

Кўзбўямачилик учун ташкилаштирилган қабуллар: Фуқаролар ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан умид қилиши қанчалик тўғри?

Тошкент шаҳар ҳокими Рамазон кунларининг деярли барчасида ифтордан кейин ёки бўлмаса, таровеҳ намозидан сўнг фуқаролар мурожаатини эшитиб, уларга амалий ечим топиш бўйича пойтахтнинг бир қатор туманларидаги маҳалларга борди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеоларда ҳоким кўплаб фуқаролар билан таъсирли равишда мулоқот олиб бораётганини кўриш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда айлантирилган видеолардан кейин табиийки дарди бор ғами бор фуқаролар ҳоким билан кўришишга ошиқишди. Шу сабабдан Effect.uz томонидан эълон қилинган видео остига ёзилган рақамларга кечаси-ю-кундузи фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди.

“Ҳоким қачон қаерга бориши ҳақида биласизми, бизга ёрдам керак эди. Мурожаатимиз бор эди ҳокимга, улар билан кўришмоқчиман”, қабилидаги қўнғироқлар ортидан бугун, 27 апрель куни Effect.uz мухбири Акмал Эшонхонов Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кейинги қабул куни қачон эканлигига аниқлик киритиш мақсадида шаҳар ҳокимлигига борди.

Боришимиз билан ҳокимлик кириши олдида кўплаб фуқароларга кўзимиз тушди, улар Ортиқхўжаев билан кўришиш мақсадида Тошкент ҳокимлиги олдига тўпланишган.

Вазият таъсирли, чунки бу ерга келган фуқароларнинг айримлари имконияти чекланган, айримлари эса охирги пулини шу ерга келаман деб такси ёки метрога ишлатган. Улар нима бўлишидан қатъий назар бу масканга умид билан келишган.

Аммо, ҳоким айни вақтда фуқаролар билан кўришмаслиги ва кейинги қабул кунлари қачон бўлиши ҳақида маълумотга эга бўла олмаган фуқароларнинг шашти пасайган. Ахир улар бу ерга қандайдир илинж ёки мақсад билан келишганди-ку.

“Ҳокимнинг фуқаролар билан учрашиб, зўр гаплашиши фақат видео учун қилинган. Бошқа нарса эмас, гап тамом”, дейди фуқаролардан бири.

Effect.uz журналисти ҳокимлик матбуот хизмати ходими билан боғланиб, қабул кунлари ҳақида маълумот сўради. Бироқ бу сўровга жавоб аниқ бўлгани йўқ. Сабаби ҳокимнинг бундай учрашувлари режага киритилмаган ва ифтордан кейин “кетдик, бу ерга борамиз” наздида ташрифлар амалга оширилаётган экан. Билганимиз фақат шу бўлди.

Аввалроқ Тошкент ҳокимининг кечалари фуқароларни қабул қилаётгани ортидан ижтимоий тармоқлар бонг урганди. Чунки ноодатий қабуллар давомида тун бўлишига қарамай ҳоким билан бирга масъуллар ҳам ишга чиқарилган.

Шаҳар меҳнат инспекцияси пойтахт ҳокимининг тунда ҳам масъулларни ишлатаётгани масаласини назоратга олиб, ўрганиш натижалари ҳақида қўшимча ахборот берилишини маълум қилган эди.

Хуллас, фуқаролар ҳокимлик кириши ёнида тўпланган, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг эса ҳозирча режасига фуқароларни қабул қилиш киритилмаган. Агар ҳоким жаноблари истаб қолса, қайсидир фуқаролари аниқ танлаб олинган ва “қўғирчоқдек ўргатилган” маҳалларга айланиб бориб қолади. Бизнингча муҳтарам ҳокимни кутишдан кўра, қандайдир муаммоларингизга ўзингиз ечим топганингиз минг марта афзалроқ.

Effect.uz мухбири: Акмал Эшонхонов

Тасвирчи: Шодлик Ғайбуллаев

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

RATING