
“Бу сўзнинг нақадар ҳаққоний ва ўз вақтида айтилганига амин бўлдим” – Исоқ Тўраев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида, Касби тумани Қамаши қишлоғида чирой очган “Обод маҳалла маркази” томоша залида Маданият Вазири Озодбек Назарбеков билан ёнма-ён ўтириб иқтидорли ёшларга бўлган самимий муносабатлари ва тилаклари менинг қалбимга ғурур ва ифтихор бахш этди.
Президент ўз маърузасида “Иқтидорли ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий камолоти учун барча шароитларни яратиб бериш устувор вазифалардан бири бўлиши керак” деган эдилар. Бу сўзнинг нақадар ҳаққоний ва ўз вақтида айтилганига амин бўлдим.
Бу қайноқ муносабат, менинг зиммамга, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратишда – янада кўпроқ ёш иқтидорларни кашф этиш масъулиятини юклади.
Халқимизга маданий хизмат қилиш, шундай гўзал маданият масканларида истеъдодли санъат аҳли билан бир бағир бўлиб, азиз томошабинларни тўлқинлантириб, қувонч ва шодликларга тўлдиришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, саҳналаримиз иқтидор соҳибларига, томоша залларимиз иқболи баланд, бахтли томошабинларга тўлиб тошсин.
«Улашинг»