6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда 51 сониядан иборат бўлган ЙҲХБ ходимларига нисбатан фуқаролар томонидан хизмат вазифасини бажаришга қаршилик қилиш тасвири ифодаланган видеотасвир тарқалди.

Аниқланишича, 2019 йил 05 июнь куни соат 22:50 ларда Самарқанд шаҳар “Буюк ипак йўли” кўчасида жойлашган 14-сонли умумтаълим мактаби олдида ўтказилаётган “Автопатруль” рейд тадбири давомида Б.И.Йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган автомашиналар тўхтатилиб текширилиши жараёнида Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари йўл патруль хизмати батальони йўл-патруль хизмати иккинчи отряди иккинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори сержант С.Н. Самарқанд шаҳар Б.И.Йўли кўчасидан харакатланиб келаётган автомашиналарга “Диққат” ишорасини бериб, тўхтатиш чорасини қўллаган.

Аммо бу вақтда “Кобальт” русумли 30 Н 492 SA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси ЙПХ ходимини кўриб, ўз бошқарувидаги автомашинасини 100 метр олдинроқда тўхтатиб, автомашинасидан тушиб орқага қараб қочаётган вақтида ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмол қилгани холда транспорт воситасини бошқариб келганликда гумон қилиб, ҳайдовчини ушлаш бўйича Б.И.Йўли кўчасида жойлашган “Евраазия” ошхонаси олдида хизмат олиб бораётган иккинчи отряд иккинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори сафдор К.Ж.га алоқа воситаси орқали хабар беради ва хабарга асосан ҳайдовчи ушланиб, бошқарувида бўлган автомашина олдига олиб келинаётган вақтида ҳайдовчининг икки нафар танишлари ва кўчада бўлган бир неча нафар фуқаролар ҳайдовчини қочириб юбориш мақсадида ЙПХ ходимига ёпишиб, ҳайдовчини қочиб кетишга шароит яратган.

Ходиса жойига ёрдамга етиб келган сержант С.Н ва иккинчи отряд иккинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори сержант Б.Қ.лар ҳайдовчини ушлаб, сержант Б.Қ.нинг бошқарувида бўлган патруль автомашинасига жойлаштиришган.

Ҳайдовчи билан олиб борилган сухбат давомида, у ўзини Ургут тумани “Ўрамас” қишлоғида яшовчи 1995 йилда туғилган А.Т. эканлигини, 2019 йил 05 июнь куни тушлик вақтида оз миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган хужжатлари йўқлиги ва қўлланиладиган жарима миқдоридан қутилиш мақсадида ЙПХ инспекторларидан қочишга ҳаракат қилганлигини маълум қилган.

Шундан сўнг, А.Т. тиббий текширувдан ўтказилиб, тиббий баённомага кўра, ҳушёр холатда бўлганлиги аниқланган. Бироқ унга нисбатан транспорт воситасини тегишли хужжатларсиз ва ЙПХ инспекторининг қонуний талабига буйсунмаганлиги ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

ЙПХ инспекторлари ва ҳайдовчи тан жароҳати олмаганлиги, лекин ЙПХ инспекторига ҳайдовчи ҳамда унинг танишлари қаршилик қилганлиги ҳолати бўйича уларга нисбатан вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви олиб борилаётганлиги маълум бўлди.

Самарқанддаги мухбиримизнинг маълум қилишича, кеча юқоридаги репортаждан сўнг воқеа иштирокчиларининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Нуробод туман суди судясининг қарорига кўра, ЙПХ ходимларига нисбатан зўравонлик ишлатган О.Аблакулов, С.Вафоев (1989 йил туғилган)  ҳамда “Кобальт” ҳайдовчиси Г.Ҳушвақтов (1995 й.т.) га Ўзбекистон Республикасининг ЖК 194-моддаси: “Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик” ҳамда 195-сонли модда: “Ички ишлар органларининг мансабдор шахсларининг хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатиш”га асосан 15 кунга маъмурий ҳибсга олиш жазоси тайинланди.

Таҳририятдан: ЙПХ ходимлар йулларда йўл қоидаларига риоя этилишини, турли хил йўл транспорт ходисаларини олдини олиш мақсадида куну-тун, иссиқ ва совуқ демай, тиним билмай, пиёда ва ҳайдовчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида доимий равишда автопатруль рейд тадбирларини ўтказиб боради. Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, агар ҳар бир фуқаро ЙПХ ходимига қаршилик кўрсатиб, қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларни қочиб кетишига шароит яратиб берса, келгусида бундай ҳайдовчилар, транспорт воситасини бошқариш оқибатида бегуноҳ бир фуқаронинг ҳаётига зомин булмаслигига ким кафолат беради. Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас