“Журналистлар Ўзбекистон учун хавфли..ми?” – “Озодлик” мухбири Тошкентга киритилмади

Россиядан Ўзбекистонга борган “Озодлик” радиоси мухбири Умид Бобоматов Тошкент аеропортидан ортга қайтарилган. Журналистга депортация сабаби айтилмаган. Топшириқ юқоридан эканлигини айтиш билан чекланишган. Бобоматов ҳукумат учун журналистлар мамлакатга кириши тақиқланган хавфли қатлам сифатида қолаётганидан ҳайратда.

4 июнь куни Умид Бобоматов Ўзбекистондаги қариндошларини зиёрат қилиш учун Москва-Тошкент йўналиши бўйича учиб боради. Тошкент аеропортидаги паспорт текширувидан турмуш ўртоғи, фарзанди ўтади. Текширув навбати унинг ўзига келганда журналист кириши тақиқланганлар рўйхатида эканлиги маълум бўлади.

“Ўтган-кетганларни зиёрат қиламиз деб уч ой аввал билет олиб қўйган эдик, тақдир тақозоси билан бу Москвадаги ҳайит кунига тўғри келди. Аёлим, қизчам билан Тошкентга бордик. Аеропортдаги назоратдан қизим, аёлим ўтди, ҳеч нарса демади. Менга келганда эса, тўхтаб туринг, деб жуда узоқ ушлаб қолишди. Шундан сўнг орқамда мени уч киши кузатиб турганини сездим. Назаримда, улар мен келишимни олдиндан билишган. Мени ҳеч қаерга олиб киришмади, фақат сиз тезда қайтиб кетишингиз керак, Москвага самолёт бор, шунга ўтқазамиз, дейишди. Бунинг сабаби нима? Эҳтимол консулни чақириш керак, янглишдир десам, йўқ аниқ, сиз ҳақингизда, топшириқ тепадан келган, деб айтишди”, дея ёзади Москвага қайтиб келишга мажбур бўлган журналист Умид Бобоматов.

Умид Бобоматов узоқ йилдан бери “Озодлик” радиосининг Москвадаги мухбири сифатида ишлайди. Асосан Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ вазиятни ёритиб келади. Журналист Ислом Каримов даврида ҳам, бундан икки йиллар муқаддам ҳам Ўзбекистонга бориб-келиб юрган, ортиқча муаммолар билан тўқнаш келмаган.

Умид Бобоматов ўз исми Ўзбекистонга кириши тақиқланганлар рўйхатига яқин вақтлар ичида, Ўзбекистонда “Озодлик” радиосига нисбатан бошланган кампания ортидан қўшилганини эҳтимол қилади:

“Ман ҳатто Ислом Каримов даврида ҳам мамлакатга бемалол кириб-чиқиб юрганман. Ўша пайтда ҳам мени билишарди, журналистлигимни, қаерда ишлашимни. Назаримда, бу тақиқ охирги ойларда “Озодлик” радиосига қарши бошланган кампания билан боғлиқ. Чунки бир ҳафталар муқаддам мени сюжетларим муҳокама қилинган, кейин Россиядаги блоггерлар томонидан “Озодлик”ка қарши қандайдир сужетлар тайёрланган эди. Бу ҳам кампаниянинг бир қисми эди. Улар менга тақиқ қўйиш билан кимгадир мужда жўнатишмоқчи, мана нималар бўлади ноғорамизга ўйнамасанг дейишмоқчими, хуллас, бу ҳаммаси сўнгги ҳодисалар, Алламжоновнинг “Озодлик”ка қарши гаплари, радиода кетган танқидларга нисбатан муносабатга боғлиқ”, дейди Бобоматов.

Ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда блокка туширилган мустақил интернет нашрларга қўйилган тўсиқларни олиб ташлади, аммо “Озодлик” радиоси тўсиқдан чиқарилмаган эди. Ташкилотнинг инглиз тилидаги сайти очиқ, лекин Ўзбек хизмати тақиқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникатсиялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов “Озодлик” радиосини нохолис иш услубида айблаган эди. “Озодлик” мухбири Тошкентдан депортасия қилиниши баробарида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “ББC” радиоси мухбирига Ўзбекистонда аккредитация берилганини тасдиқлади.

Умид Бобоматовнинг фикрича, Ўзбекистондаги ўзгаришларга қарамасдан ҳукумат журналистларга хавфли қатлам сифатида қараш анъанасидан воз кечмаган.

“Мамлакатга кириши тақиқланганлар рўйхатида асосан журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ёки мухолифлар. Ҳатто терроризмда, экстремизмда айбланганларга, қидирувга бўлганларга нисбатан ҳам тақиқлар олинган, уларни кириб келишига рухсат берилган, буни тан олиш керак. Лекин бу ҳукумат учун журналистлар терроризм, экстремизмда айбланаётганлардан ҳам кўра хавфлироқ экан, деган хулосага олиб келади. Ҳозир биздан кўра хавфлироғи йўқ улар учун, шундай бўлиб чиқяпти”, дейди журналист.

Ҳукумат идоралари ҳозирча журналист Умид Бобоматов нима сабабдан Ўзбекистонга киритилмагани юзасидан бирор изоҳ бергани йўқ. Умид Бобоматов уни аввалига Тошкент аэропортидаги ўзбек чегарачилари тўхтатгани ва ортига қайтариб юборгани, кейин эса Россия ФХХ ходимлари Москва аэропортида уч соатча ушлаб ўтирганини айтмоқда. Бобоматов Тошкент аэропорти хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан тўхтатилиб, кейинги рейс билан Москвага учиб кетишга мажбурланган. Бу борада изоҳ сўраган Бобоматовга Тошкент расмийлари унга бир парча ёзувли қоғоз берган.

https://scontent-arn2-1.xx.fbcdn.net/v/t1.0-9/61748736_2454170931313386_2650492539622129664_n.jpg?_nc_cat=102&_nc_ht=scontent-arn2-1.xx&oh=058f974a229326923a10bea8f2143d8a&oe=5D528B95

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас