Наманганда электр таъминотидаги чекловлар тўхтатилди

Наманган вилояти ҳудудида аҳолига электр энергияси таъминотида чекловлар тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси директори ўринбосари Сайфиддин Ҳусаинов ОАВга маълум қилди.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан вилоятда газ ва электр таъминотида узилишлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида сўз олган Сайфиддин Ҳусаинов, вилоят ҳудудида аҳолига электр энергияси таъминотида чекловлар тўхтатилганини қайд этиб, узилишлар фақат авария ҳолатларида рўй бериши мумкинлигини таъкидлади.

Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун тезкор тузатув мутахассислари сони 1,5 баробарга оширилгани билдирилди. Шунингдек, истеъмолчи билан тезкор алоқани ўрнатиш мақсадида келгуси ҳафтадан узлуксиз ишлайдиган “Call centre” ишга туширилаётганини маълум қилинди.

Маълумот ўрнида, ноябрь ойида нафақат Наманган ва водийнинг бошқа вилоятларида электр энергияси ўчиши билан боғлиқ муаммолар тез-тез кузатилаётган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ушбу ҳолатни “шармандалик” деб атаганди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас