Танзила Нарбаева: “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки учун муҳим қадамлар қўйилди”

Бугун “Ўзбекистон” анжуманлар саройида “XXI асрда гендер ва ёшлар масалаларида шерикликни ривожлантириш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

50 дан зиёд хорижий ва 100 га яқин миллий экспертлар қатнашган мазкур халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Сенат Раиси ўз маърузасида барча давлатлар учун муҳим бўлган гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда миграция масалаларига тўхталди.

“Маълумки, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан ўрин олган гендер ва ёшлар масалалари барча мамлакатлар учун ўта долзарб масала ҳисобланади. Мамлакатимизда сўнгги уч йилда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш борасида муҳим қадамлар қўйилди ва бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Президентимизнинг “ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт” деб таъкидлаганлиги бунинг яққол тасдиғидир.

Давлатимизнинг ушбу масалаларга юксак хайрихоҳлиги бир қатор қонунларда акс эттирилди, қисқа давр мобайнида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши бу борадаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлади.

Шунингдек, хотин-қизлар ва оилалар билан ишлаш тизимини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси тузилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида алоҳида қўмита ташкил этилди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолияти қайта ташкил этилиб, Ҳукумат тузилмаси таркибига киритилди, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди.

Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенгликни таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда, жорий йил якунида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа – сайловларда энг фаол хотин-қизлар номзод сифатида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлиги учун кўрсатилган 750 нафар номзоднинг 41,3 фоизини хотин-қизлар ташкил этганлиги уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошаётганлигидан далолат беради”, деган Нарбаева.

http://senat.uz/backend/web/upload/global/foruminternationat/photo_2019-11-28_17-12-31.jpg

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас