Ўзбекистон тез ёрдам машинаси сифатида “Дамас”лардан воз кечади

Ўзбекистон 2021 йилгача тез ёрдам машинаси сифатида “Дамас” автомашиналаридан тўлиқ воз кечади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Халқаро андозалар даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарга ўтилади. Аммо айнан қайси машиналар бўлишига аниқлик киритилмаган. ССВ маълумотларига қараганда, бугунги кунда Ўзбекистонда тез ёрдам тизимида икки ярим мингга яқин “Nissan”, “Hyundai”, “Toyota”, русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

2019 йил якунига қадар барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланган. 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган.

Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2017—2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилган.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас